Халқаро кузатувчилар 163-сайлов участкасида бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини кузатиш учун мамлакатимизга келган ҳиндистонлик профессор Санжай Кумар ҳамда Япониянинг “Kyodo news” ахборот агентлиги мухбири Юсукэ Яги Самарқанд шаҳридаги 163-сайлов участкасида бўлиб, комиссия фаолияти ва сайловчилар учун яратилган шароит билан танишди.
– Сайлов участкамизда Юқори Хўжасоат маҳалласининг 2762 нафар сайловчилари рўйхатга олинган, – деди участка сайлов комиссияси раиси Зебохоним Ахмедова.

– Уларнинг 31 нафари биринчи марта сайловда қатанашади. 6 нафар сайловчи беморлиги сабабли уйда овоз бериш истагини билдирган ва сайлов куни бунинг учун шароит яратиб берамиз. 24 октябрь куни хизмат сафарида бўладиган 6 нафар сайловчимиз участкага келиб, муддатидан олдин овоз берди.
Халқаро кузатувчилар участкада пандемия шароити ҳисобга олинган ҳолда кўрилган эҳтиёт чоралар, комиссия аъзолари ва сайловчилар учун яратилган қулайликларга юқори баҳо берди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА