Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро кўргазма ишлаб чиқарувчилар ва соҳа вакиллари учун мулоқот майдонига айланди
16:24 / 2023-04-05

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида “UzCharmExpo – ShoesStar – Eurasia – 2023” чарм, пойабзал, атторлик, мўйна, жун, қоракўл ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 14-халқаро кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ва “ShoesStar” халқаро ташкилоти  ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазма-ярмаркада 600 дан ортиқ маҳаллий ва 50 га яқин хорижий компаниялар ўз имкониятини намойиш этмоқда.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Феруза Маҳмудова қайд этганидек, йилига икки марта – баҳор ва кузда ўтказиладиган ушбу кўргазма ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. У нафақат Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, балки Евроосиё қитъасининг ишлаб чиқариш салоҳияти билан таништиришда ҳам катта мулоқот майдонидир.

[gallery-11292]

– Шу билан бирга, кўргазмада соҳа мутахассислари учун жаҳон бозорида рақобатбардош саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг замонавий тенденциялари ва йўналишлари, технологиялари ҳамда имкониятларини муҳокама қилишга ҳам кенг имконият яратади. Шунингдек, янги инвестицияларни жалб этиш, инновацион ғояларни татбиқ этиш ва экспорт салоҳиятини оширишга кенг йўл очади. Кўргазма дастуридан “Ташқи бозорда чарм-пойабзал маҳсулотларини муваффақиятли сотиш имконияти: давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, берилаётган имтиёзлар, божхона, логистика, миллий бозор тамойилларига оид масалалар” мавзусидаги халқаро давра суҳбати, “Чарм-пойабзал бозори ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзуидаги ялпи мажлис, Ёш дизайнерлар ва мамлакатимиз корхоналари модельерларининг мода намойиши, чарм, пойабзал, савдо ва маркетинг соҳаларидаги халқаро экспертлар иштирокидаги семинарлар ўрин олган. Ўйлаймизки, уч кун давом этадиган мазкур тадбирлар ишлаб чиқарувчилар ва соҳа вакилларини бир мақсадга бирлаштиришга хизмат қилади, – деди Ф. Маҳмудова.

Кўргазма иштирокчилари орасида Тошкентдаги “Excel shoes” корхонаси ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

– 2002 йилдан фаолият кўрсатаётган корхонамизда 50 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади, – деди корхона директори ўринбосари Сирожиддин Эркахўжаев. – Корхонада 100 фоиз теридан тайёрланган эркаклар учун пойабзаллар ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда маҳсулотларимиз Марказий Осиё ва Европа давлатларига экспорт қилинмоқда. Очиғини айтганда, бу каби халқаро тадбирлар корхонамиз имкониятларини кенгайтиришда жуда муҳим ҳисобланади. Чунки кўргазма харидорлар ва ҳамкорлар топишга ва улар билан биргаликда шартномалар тузишга шароит яратади.

  Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири