English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро конференциянинг ялпи мажлиси муваффақиятли ўтди
17:31 / 2022-07-26

“Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг биринчи қисми – ялпи мажлис ниҳоясига етди.

Мулоқот давомида асосий эътибор Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаблари бажарилишига қаратилди. Афғон замини халқаро террорчи ташкилотларнинг доимий бошпанасига айланишига, мамлакат ҳудудини қўшни ва дунёнинг бошқа давлатлари хавфсизлигига тахдид солишда фойдаланилишига йўл қўймаслик масаласи муҳокама қилинди.

Ушбу давлатда умуммиллий ярашувнинг асосий шарти сифатида қардош афғон халқининг турмуш-тарзини яхшилаш, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг асоси экани бир овоздан маъқулланди.

Хорижий экспертлар томонидан турли таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди, мавзуга оид маърузалар тингланди. Хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилашга кўмаклашиш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашув ва тамойиллар ишлаб чиқиш зарурлиги хусусида якдил фикрлар билдирилди.

Тадбир якунида давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларига Тошкент конференцияси бўйича қисқача маълумот берди:

– Конференциянинг ялпи мажлиси самарали ва мувафаққиятли ўтди, дейиш мумкин. Бундай баҳо бериш учун асосимиз бор. Зеро, Президент мурожаатида билдирилган фикрлар, илгари сурилган таклифлар чет эллик ҳамкорларимиз эътирофига сазовор бўлди. Бундан ташқари иштирокчиларнинг аксарияти ҳозирги вазиятни тан олди. Бугунги мураккаб вазиятга қарамай, юздан зиёд иштирокчи Афғонистон масаласини муҳокама этишга қизиқиш билдирди. Анжуман Афғонистонга нима билан ёрдам бериш, қандай лойиҳалар амалга ошириш мумкин, деган саволларга жавоб топиладиган майдонга айланди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг ушбу долзарб муаммога нисбатан позициясига юқори баҳо берилди. Тўғри, бу биринчи конференция эмас. Бинобарин, Тошкентда ўтказилган тадбирлар ҳар гал ўзига хос долзарблик касб этган ва бу анъана узилмади.

Анжуман турли долзарб мавзуларга бағишланган секция учрашувлари шаклида давом этяпти.

Б.Худойбердиев, У.Маҳмирзаев,
Н.Ҳайдаров, А.Абдуллаев (сурат), ЎзА