Сўнгги йилларда аёлларнинг савдо-саноат соҳасидаги ўрни тобора ортмоқда. Куни кеча пойтахтимизда ўтган тадбир – Савдо тартиб-таомилини соддалаштириш миллий қўмитаси навбатдаги йиғилишида айни мавзу муҳокама қилинди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш Федерал вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Марказий Осиёда савдо тартиб-таомилини соддалаштириш” лойиҳаси доирасида мамлакатимизда “Савдода аёллар учун тармоқ яратиш ва етакчилик ўрнатиш бўйича Марказий Осиё конференцияси” ҳам ташкил этилди.
Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг савдо, божхона, ветеринария хизмати, хусусий сектор вакиллари – аёллар иштирок этди. Анжуман савдода тартиб-таомилни соддалаштиришда аёллар ролини кучайтириш, уларда раҳбарлик кўникмасини такомиллаштириш, рақамли технологиялар соҳасидаги билимни ошириш учун имконият яратиш мақсадини кўзлаган.
– Барқарор ривожланиш мақсадидан келиб чиқадиган гендер ривожланиш тамойилига риоя қилиш биз учун муҳим, – дейди лойиҳа раҳбари Фелиситас Сик. – Минтақадаги чегара идоралари, вазирлик ва муассасаларда аёллар манфаатидан келиб чиқиб, миллий ислоҳотни ривожлантиришга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир хотин-қизлар рақамлаштириш билан боғлиқ кўникмасини ошириши керак. Улар маълумотдан қандай фойдаланишни, хизмат пиллапоясидан кўтарилиш учун зарур ҳар қандай рақамли воситаларни билиши лозим.
Тадбир иштирокчилари савдода аёллар етакчи ўрин тутиши учун нималар қилиш кераклигини муҳокама қилиб, шахсий бизнесда эришган муваффақияти билан ўртоқлашдилар.
– Савдода аёллар масаласи жуда долзарб, – деди Божхона хизмати хавфни баҳолаш ва мониторинг бошқармаси бош инспектори, Божхона қўмитаси аёллар кенгаши раиси Умида Пирмухамедова. – Қўмита гендер масаласи бўйича хабардорликни, хотин-қизлар малакасини ошириш бўйича турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келяпти. Бу бизга тараққиётнинг янги йўналишларини белгилашга ёрдам беради.
Мулоқот чоғида бизнес учун аёл тадбиркорларга қулай шароит яратишга кўмаклашадиган “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бизнесда ўсиш ва ишбилармонлик музокаралари олиб бориш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш усуллари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Б.Худойбердиев, ЎзА