Ахборот технологиялари соҳасини жадал ривожлантириш учун ушбу тизимга доимий янгиликлар олиб кириш давр талабига айланди. Бунинг учун эса хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик жуда муҳим.
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида БМТ, “Astana Hub” ва Жанубий Кореянинг Миллий ахборот жамияти агентлиги ҳамкорлигида “Рақамли ҳукумат ва рақамли трансформациянинг устувор йўналишларини аниқлаш” мавзусида ташкил этилган халқаро конференцияда юртимиздан бир гуруҳ соҳа мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда 15 та давлат жумладан, Қозоғистон, Жанубий Корея, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Бангладеш, Камбоджа, Лаос, Мўғулистон, Филиппин, Шри Ланка, Вьетнамдан келган экспертларнинг маърузалари тингланди.

Конференция қатнашчилари электрон давлат хизматларини ривожлантириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш баробарида рақамли ҳукумат соҳасидаги илғор тажриба ва тенденцияларни муҳокама қилди, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик йўлларини белгилаб олди.
Анжуман давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро алоқаларни ўрнатиш учун муҳим майдонга айланди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА