Рақамли технологиялар вазирлигида Буюк Британиянинг Вулверхэмптон университети ҳамда International Digital University вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Вулверхэмптон университетига 1827 йилда асос солинган. Бугунги кунда 24 минг нафар талаба турли соҳаларда таҳсил олишади. Университет Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Въетнам, Гонконг, Шри-Ланка ва Франция ОТМлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

International Digital University 2021 йилда Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда “Сунъий интеллект”, “Киберхавфсизлик”, “Компьютер технологиялари” йўналишларида талабаларга таълим берилади.

Учрашувда рақамли таълимни ривожлантириш йўналишида белгиланган мақсадлар, мамлакатда IT соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, IT-хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспортини оширишдаги ташаббуслар, сўнгги ўсиш суръатлари ва келажакдаги истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Вулверхэмптон университети ректори Иброҳим Адия бугунги кунда Ўзбекистонда яратилган имкониятлар туфайли тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш учун бозор жозибадорлиги ошиб бораётгани, бунда хорижий компанияларнинг маҳаллий бозорга кириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқишига алоҳида эътибор қаратди.
Шу билан бирга, Вулверхэмптон университети ҳамда International Digital University ўртасида қўшма ўқув дастурларни ташкил қилишни назарда тутувчи Бош келишув имзоланди.
Учрашув якунида томонлар IT-таълим соҳасини ривожлантириш ҳамда халқаро компаниялар талабларига мос мутахассисларни тайёрлашда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА