Хабарингиз бор, турли соҳаларда фаолият юритаётган ўнлаб хорижий компаниялар Украинадаги сиёсий вазият туфайли Россиядаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Бугун, 16 март куни “Forbes” журналида чоп этилган мақолада Россияда фаолиятини тўхтатган халқаро компаниялар мамлакатда 200 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлаб тургани маълум бўлди.
Россияда бизнесини қисман тўхтатганини эълон қилган энг йирик хорижий иш берувчи компаниялардан бири – бу McDonalds ҳисобланади. Американинг машхур ресторанлар тармоғида 62 минг киши ишларди. Компания мамлакатдаги барча савдо нуқталарини вақтинча ёпиб қўйган, аммо ҳозирча ходимларига маош тўлашда давом этмоқда.
KFC ва Pizza Hut брендлари остида фаолият юритадиган “Yum! Brands” корхоналарида 14,5 мингдан ортиқ россиялик ишлайди. Бутун тармоқда 1 мингга яқин савдо нуқталари мавжуд бўлса, шундан 70 та KFC шохобчалари қисқарди.
Яна бир компания – Starbucks қаҳвахоналар тармоғи ҳам РФдаги фаолиятини бутунлай тўхтатган. Компания бошқа иш берувчи муассасалардан фарқли ўлароқ 2 минг нафар ходимига молиявий ёрдам кўрсатишини маълум қилган.
“Forbes” ҳисоб-китобига кўра, Германиянинг Volkswagen автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниясида 5 минг 751, Adidas да эса 5 минг 539 нафар россиялик фуқаро ишлайди. Шунингдек, Pepsico 19 минг, IKEA 15 минг, Inditex кийим-кечак дўконлари эса 8,8 минг кишини иш билан таъминларди.
Бундан ташқари, яна қатор хорижий компаниялар, асосан, савдо турлари, етказиб бериш ва мижозларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган объектлар иши тўхтатилган. Завод ва фабрикалар эса бундан мустасно.