Барчага маълум, бугунги кунда дунёда давом этаётган мураккаб пандемия ва глобал иқтисодий инқироз оқибатлари, турли нотинчликлар ва зиддиятлар фонида юзага келаётган озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши муаммолари долзарб масала бўлиб турибди.
Самарқандда бўлиб ўтган II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форумида дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида бу борадаги муаммоларни четлаб ўтиш, иқтисодиётни янада жонлантириш борасида кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш борасида халқаро молия ташкилотлари ўртасида йирик битимлар имзоланди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Йўлдошев билан форум доирасида халқаро молия ташкилотлари билан имзоланган битимлар, келишувлар тўғрисида фикрларини билдирди.
– Форум доирасида банк – молия, давлат хусусий шерикчилик соҳасини ривожлантириш, энергетика, металлургия ва бошқа соҳаларда жами 3,8 миллиард АҚШ долларлик 62 та шартнома имзоланди. Форумда ҳукумат вакилларидан ташқари, хусусий сектор вакиллари ҳам иштирок этди. Юқорида санаб ўтилган шартномаларнинг асосий қисми айнан хусусий сектор вакиллари билан хорижий инвесторлар ўртасида имзоланди. Бунга Хитой, Германия, Саудия Арабистони каби давлатлардан инвесторлар ташриф буюриб, ўз ҳамкорлари билан тегишли соҳаларда шартномалар имзолашди.
Инвесторлар Ўзбекистонда яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди. Уларнинг кўпчилиги қизиқиш билдирмоқда. Шартнома имзолаш жараёнида ҳам барча инвесторлар ўзбекистонлик ҳамкорлар билан янги йўналишларни белгилаб олишди. Хорижий инвесторларда, айниқса Ўзбекистондаги банкларга қизиқиш кучли. Қолаверса, саноат, металлургия соҳасида бир қанча инвесторлар юртимизга инвестиция киритиш истаги борлигини билдирди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда банкларни хусусийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар битта банк хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Ушбу стратегиялар доирасида хорижий мутахассисларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wyhmN38G1gA" title="Халқаро иқтисодий форумда 308 миллиард АҚШ долларлик 62 та шартнома имзоланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА