Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг панел мунозараларида “Савдони эркинлаштириш ва иқтисодиётнинг интеграция жараёнларини чуқурлаштириш” бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу суҳбатда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори ўринбосари, Европа Иттифоқининг кенгайиш ва яхши қўшничилик масалалари бўйича комиссари савдони интеграциялаштириш борасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо битимларига интеграция қилиниши мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва янгилашнинг устувор йўналиши ҳисобланиши таъкидланди.
Шунингдек, мазкур ташаббус 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган энг муҳим вазифалар рўйхатига киритилгани эътироф этилди. Айни дамда Янги Ўзбекистоннинг устувор мақсади – савдони эркинлаштириш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини ошириш, шу орқали мамлакатимизнинг ташқи савдодаги ўрнининг мустаҳкамланишини таъминлаш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва халқ фаровонлигини янада ошириш эканлигига алоҳида урғу берилди.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА