Бугун бутун дунё, йирик халқаро доиралар вакиллари нигоҳи Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, трансформация кучига қаратилган паллада, юртмизда ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасида бўлмоқда.
Мамлакатимиз учун, халқимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган ушбу форумда Президентимизнинг халқаро майдон қаршисида сўзлаган нутқлари эса тарихга муҳрланди.
“Бундан 5 йил аввал биз Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиб, унинг доирасида кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлини танладик” дея қатъий ишонч билан таъкидлаган давлат раҳбари барчанинг диққат-эътиборини инвесторлар учун қулай тизим яратилган Ўзбекистон бозорига қаратди.
Дарҳақиқат, таҳлилларга асосланиб айтиш мумкинки, 2017 йилда миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертациясини жорий қилиб, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш билан боғлиқ барча чекловлар олиб ташланди. Банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқдилар, дунё бозорларига миллий валютамизда еврооблигациялар чиқарилди.
Мамлакатимизда 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имкони яратилгани, шунингдек, яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилиши ҳам очиқлик сиёсатининг яққол ифодасидир.
Хорижий тажрибани кўрадиган бўлсак, Ўзбекистонда кейинги беш йилликда амалга оширилган ислоҳотларда Хитой ва Сингапур каби Осиё янги индустриал давлатларининг тажрибасидан кўпроқ фойдаланилганлигини айтишимиз мумкин. Кўпроқ чет элдаги йирик тадбиркор ватандошларимизни Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялашга жалб қилиш, чет элда ишлаётган ёш мутахассисларни республикага қайтариб, бошқарув лавозимларига қўйилиши ҳамда таълим ва илм-фан соҳасига инвестиция киритиш масаласига катта эътибор қаратилаётганлиги билан ушбу мамлакатларнинг тараққиёт стратегияларида маълум ўхшашликлар мавжудлигини кўрсатади.
Форумда Президентимиз инвестицияларни жалб қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилаб бердиларки, эндиликда мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш йўналишида амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида 2022 йилдан эътиборан, Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар Кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилади. Шунингдек, “Краудсорсинг” платформаси ва замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда, барча тармоқлар ва ҳудудлардаги инвесторлар ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш амалиёти давом этади.
Форум доирасида Ўзбекистонда ўз бизнесини самарали юритиш учун мавжуд шароитлар ва янги истиқболлар тўғрисида кенг маълумот берадиган 30 дан зиёд тадбирлар билан бир қаторда, 200 дан ортиқ жозибадор лойиҳа таклифлари ҳам ҳавола этилиши ҳам мамлакат учун фойдадан ҳоли бўлмайди.
Яна бир аҳамиятли воқелик, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида – Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади, йилига 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Қайд этиш керакки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди. Унда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналиши – миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини таъминлаш вазифаси белгиланган.
Хусусан, келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,6 баробар ортиши, 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар эса 4 минг долларга етиши, бунинг натижасида Ўзбекистон қатор “ўртача даромад даражаси юқори бўлган давлатлар” қаторига кириши мақсади белгиланди.
Бу мақсадга эришиш учун янги технологияларни жорий этиш ва қўшилган қиймат занжирини битимлар ва инновациялар асосида тизим ҳисобига меҳнат самарадорлигини оширишда туб ўзгаришлар қилиш режалаштирилган. Бунинг натижасида келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат самарадорлиги 2 баробарга ортиши керак. Буни биринчи галда, иқтисодиёт драйверлари ҳисобланган тармоқларда саноат кластерлари тизимини ривожлантириш орқали амалга ошириш мўлжалланган.
Бу режаларнинг барчасини рўёбга чиқариш учун катта миқдордаги сармояларни жалб қилиш зарур. Шу сабабдан фаол инвестиция сиёсати давом эттирилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, келгуси беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинади. Агар сўнгги беш йилда мамлакатимиз экспорти 1,5 баробар ортган бўлса, “Янги Ўзбекистон стратегияси”да таклиф этилаётган чора-тадбирлар натижасида эса давлатнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар оширилиб, 2026-йилда 30 миллиард долларга, ЯИМ эса 100 миллиард долларга етказилади. Экспорт таркибида хом ашёнинг улуши ҳозирги 46 фоиздан 23 фоизга камайиб, тайёр маҳсулотлар ҳажми 2,5 баробар кўпайиши, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон ушбу халқаро инвестиция форуми орқали халқаро иқтисодий алоқалар учун янгидан янги имкониятлар эшигини очар экан, 3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимизнинг қадимдан юритиб келган ташқи савдо алоқалари, тилларда достон бўлган “Буюк ипак йўли” тарихи, кўҳна юртимизнинг иқтисодий ўтмиши, янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаётган бугуни – биз учун энг яхши ташриф қоғози бўлишини эътироф этиш жоиз.
Бугун ўз олдига юксак эзгу мақсадлар қўйиб, “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланиш сари дадил қадам ташлаётган ёш мамлакат имкониятлари форум орқали янада кенгроқ намоён бўлаётгани қувонарлидир.
Дунёдаги бугунги мураккаб вазиятда Ўзбекистон яшаш ва ишлаш учун тинч ва хавфсиз макон сифатида танилгани, тадбиркорлар учун барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилиши форумда алоҳида қайд этилди. Президентимиз форумда таъкидлаганларидек, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмайдиган реал ҳақиқатга айланиб бўлган, бу йўлдан бизни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай муаммо тўхтата олмайди, кўзланган мақсадларга эришишимиз учун республикада барча шароитлар яратилган.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори,
профессор