Инсониятнинг энг афзал қуроли бу шубҳасиз - илм. У соғ-у бемор, кекса-ю ёш бари учун бирдек зарур. Айниқса, имконияти чекланган кишилар учун таълим олиш алоҳида жараён ҳисобланади. Негаки, уларнинг аксари фақат ақлий меҳнат билангина фаровон турмуш кечиришлари мумкин.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда инклюзив таълимга алоҳида аҳамият қаратиш йўлга қўйилди.

Халқаро инклюзив хабда ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари учун эшитишида ногиронлиги бўлган болаларни ўқитишда замонавий ассистив технологиялардан, хусусан, Рогер ФМ-тизимидан фойдаланиш мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Рогер — бу овозни симсиз узатиш ФМ-тизими бўлиб, у эшитишида ногиронлиги бўлган болаларга шовқинли синфда ўқитувчи нутқини яхшироқ эшитишга ёрдам беради ва тенг таълим олиш шароитларини яратади.
Тренинг давомида иштирокчилар Рогер тизими имкониятлари билан танишиш ва тажриба алмашиш, тақдимот дарсларини томоша қилиш ва маърузаларни тинглаш, эшитишида ногиронлиги бўлган болаларни ўқитишнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Бундай семинарлар эшитишда нуқсони бор болаларнинг келгуси таълимида самарали натижаларга эришишида муҳим қадам вазифасини ўтайди.
Шербек Исломов,
ЎзА