Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан жамиятимиз учун долзарб мавзуларда нашр этилган 18 та рисола ва буклет тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда универститет профессор-ўқитувчилари ва талабалари, халқаро марказ олимлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари О.Муҳаммадиев, Самарқанд давлат университети проректори С.Аббосов, Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Х.Сатторов ва бошқалар мазкур нашрлар жамиятда маънавий барқарорликни таъминлаш, халқимизга, жумладан, ёшларга диннинг асл моҳиятини тушунтириш, шу билан бирга турли ёт ғояларга қарши маърифат билан қурашишга хизмат қилишини таъкидладилар.
– Ватанга муҳаббат, тинчлик ва бағрикенглик, жиҳод ва ҳижрат тушунчаларининг асл моҳияти, ота-онага эҳсон, фарзанд тарбияси, тўй ва маросим маданияти каби 18 мавзудаги рисола ва буклетларнинг ҳар бири 5 минг нусхадан чоп этилди, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев. – Уларда кўтарилган масалалар замонавий ижтимоий ҳаёт талабларига мос равишда, содда ва таъсирчан услубда ёритилган. Рисола ва буклетлар нашр этилишида Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди.
[gallery-26854]
Ушбу рисолалар вилоятдаги таълим муассасалари, ёшлар ташкилотларига тарқатилиши кўзда тутилган. Уларда илгари сурилган ғоялар инсонпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилиб, кенг жамоатчилик учун ишончли маънавий дастур вазифасини ўтайди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари