Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда таъкидланганидек, буюк аждодларимизнинг бой маънавий, илмий, ижодий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
Бобур номидаги халқаро жамоат фонди 1992 йили ташкил этилиб, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини ўрганиш, буюк аждодларимизнинг хорижда қолган маърифий меросини излаш, уларни Ватанга қайтаришга ва тарғиб этишга катта аҳамият қаратмоқда. Фонд тасарруфидаги Бобур халқаро илмий экспедициясининг биринчи сафари 1992 йилнинг май ойида амалга оширилган бўлиб, шу кунгача 50 дан ортиқ хорижий давлатларга 30 дан ортиқ халқаро сафарлар уюштирилди.
Бу сафарлар ва илмий изланишлар натижасида 1000 дан зиёд ноёб китоблар ва нодир қўлёзма асарлар олиб келиниб, фонд қошидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейига жамланди ва илмий муомалага киритилди ва киритилмоқда.
Фонд ҳомийлигида 50 дан зиёд китоблар нашр этилди. Фонд ташкил этилгандан буён биргина “Бобурнома”нинг ўзи уч марта қайтадан нашр эттирилди. Бугунги ёшларга тушунарли бўлсин деган ниятда “Бобурнома”нинг табдили яратилди.
Буюк аждодимиз таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан таниқли арабшунос олим Шокирхон домла Рустамхўжаев тайёрлаган 5 жилдлик “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами”и Бобур фонди ва Россия Фанлар академиясининг Туркшунослик институти ҳамкорлигида нашрдан чиқарилди.
Матбуот анжуманида ушбу ноёб тўплам билан бирга таниқли бобуршунос олимлар Ваҳоб Раҳмонов ҳамда Каромат Муллахўжаевалар томонидан амалга оширилган “Бобурнома” асарининг тўлдирилган, мукаммаллашган табдили нашрлари тақдимотлари қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди. Юртимизда илк бор “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” яратилиб, бугунгача фонд томонидан икки маротаба нашр қилинди.
Президентимизнинг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида айни пайтда энциклопедиянинг ўзбек тилидаги тўлдирилган учинчи нашри ҳамда инглиз ва рус тилларидаги вариантларини чоп этиш бўйича қизғин иш олиб борилмоқда.
Бобур сиймосини абадийлаштириш, унинг ўлмас меросини кенг тарғиб этиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлигининг бевосита қўллаб-қувватлаши билан Халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси яратилганини таъкидлаш лозим. Айни пайтда платформани янада мукаммал шаклга келтириш, унинг мобиль иловасини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида тақдим этилган мазкур платформанинг расмий домени учун синов тариқасида https://baburid.uz/ деб номланади. Ушбу платформа учун харид қилинган интернет майдони ҳажми 20 мингдан зиёд китоб, мақола каби файлларнинг юкламасини ўзида мужассамлашга қодир.
Платформанинг бош саҳифасига танланган контент ва маълумотлар мактаб ёшидаги болалардан тортиб катта ёшли аудиторияни ҳам ўзига жалб қилиши назарда тутилиб, бобурийлар даврига оид сара миниатюралар, асарлардан иқтибослар ҳамда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ҳужжатли тарихий драмасидаги керакли видеолавҳалар ажратиб олинди ва мавзулаштирилган ҳолда жойлаштириб чиқилди.

Платформанинг “Виртуал саёҳат” бўлимида “Бобур ва жаҳон маданияти музейи”, “Боғи Бобур истироҳат боғи”, “Бобурнинг рамзий қабри”, “Бобур халқаро жамоат фонди”, “ Андижон шаҳарсозлик маданияти” музейларига саёҳат қилиш имконияти яратилди.
Платформанинг “Буюк бобурийлар сулоласи, давлат харитаси ва маданияти” (шажара) деб номланувчи бўлимида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Темурийларга туташган ота томонидан шажараси жойлаштирилди, шунингдек, ушбу саҳифага Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг давлат харитаси, унинг жанговар қўшини таркиби, Иброҳим Лодий билан бўлиб ўтган жангнинг чизма кўринишлари киритилган.
Кутубхона деб номланувчи бўлим платформанинг ядросини ташкил этиб, унинг таркибий қисмлари Бобурнинг ижодий мероси, Қўлёзмалар, Конференция тўпламлари, Миниатюралар, Илмий нашрлар, “Бобур ва дунё” журнали, Медиа, Бобуршунослик каби йўналишлардан ташкил топган.
Бобурнинг ижодий мероси йўналишида муаллифнинг девонидаги ғазал, рубоий, туюқ, мустаҳзод, қитъа каби шеърий жанрларининг ҳам мумтоз алифбоси ҳам жорий лотин алифбоси шакллари ёнма ён жойлаштириб чиқилди. Бу билан хорижлик тадқиқотчиларнинг асл матннинг ўзи билан виртуал ҳолатда танишиш имконияти кенгайтирилди. Келгусида лойиҳа давомида Бобурнинг “Бобурнома” асаридан йирик шаҳарлар васфига оид маълумотлар ҳар икки алифбода бериши назарда тутилган.
Қўлёзма манбалар қисмида соҳага доир қўлёзма асарларнинг айрим намуналари жойлаштириб борилади ва тадқиқотчиларга фойдаланиш учун қулайликлар яратилади.
Конференция тўпламлари қисмида эса Бобур номли халқаро фонд томонидан йиллар давомида ўтказиб келинган илмий тўпламларнинг электрон шакллари жойлаштирилди.
Шу билан бирга, платформанинг бобуршунослик соҳасига ажратилган саҳифасида жаҳон бобуршунослигига салмоқли ҳисса қўшган халқаро миқёсдаги нашрлар муаллифларининг таржимаи ҳоллари ва асарларининг электрон кўринишлари, Ўзбекистондаги соҳанинг етук намояндаларининг фаолияти ва улар томонидан чоп этилган нашрларнинг батафсил маълумотлари киритилган.
Бобур номли халқаро жамоат фонди фаолиятига бағишланган бўлимда фонднинг ташкил топган йилларидан бошлаб, то 32 йил давомида амалга оширилган ишлар, хориж давлатларига уюштирилган халқаро экспедициялар ҳақида атрофлича қизиқарли маълумотлар киритиб ўтилган. Шунингдек, Фонднинг хориж давлатларида ташкил этилган филиаллари ҳақидаги маълумотлар ҳам бериб ўтилган.
Платформанинг янгиликлар бўлимида эса соҳага доир янгиликлар хронологик тартибда бериб борилади. Мазкур кўриниш платформанинг пойдевор қисми саналиб, 4 ой мобайнида тайёрланган. Эндиликда лойиҳанинг давом эттирилиш жараёнида ушбу платформанинг мобиль иловасини яратиш, платформанинг тармоқларини ҳам оммабоп, ҳам илмий асосда тўлдириш режа қилинган.
Анжуманда буюк аждодимизга бағишланган платформа ҳақида батафсил маълумот берилди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА