Ҳуқуқий муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур белгиланди.
Мазкур дастурнинг 2-йўналиши доирасида эркин иқтисодий зоналарга дунёнинг машҳур брендларини жалб қилиш, ушбу зоналардаги корхоналар халқаро техник регламентлар, экологик ва меҳнат стандартларини қўллаши мумкин бўлиши, улар учун махсус – имтиёзли инвестициявий, солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим жорий этилиши ҳамда халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имконияти яратилиши ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Хўш, ҳозирда Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражи фаолиятининг мавжуд ҳолати қандай?
Тошкент давлат юридик университети Халқаро хусусий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Нозимбек Дилбобоев бу борада қуйидагиларни маълум қилди.

–Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 майдаги “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига “Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар ва уларни юритиш”га доир бир қатор нормаларнинг киритилиши натижасида миллий қонунчилик тизимимизда халқаро тижорат арбитражи фаолиятининг асосий ҳуқуқий асослари яратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон “Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги ва “Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида”ги Конвенцияларга аъзо бўлгани халқаро жиҳатдан ҳам мамлакатимиздаги арбитражлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини таъминлади. Яъни, уларнинг қарорлари мазкур ҳужжатларга аъзо давлатларда ҳам тан олиниши ва ижро қилиш имкониятини бермоқда.
Қисқа қилиб айтганда, ҳозирда Ўзбекистонда халқаро арбитраж фаолият юритмоқда ҳамда халқаро арбитражларнинг қарорларини миллий судлар томонидан тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ амалиёт мавжуд.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имконияти яратилиши таъкидланаётгани халқаро даражада арбитражлардаги мавжуд амалиёт асосида мамлакатимиздаги арбитражларда низоларни ҳал этиш тизимини ислоҳ қилишни назарда тутмоқда.
Мурожаатномада келтирилган мазкур масала 2025 йил 10-12 июнь кунлари бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида таъкидланган Тошкент халқаро тижорат суди (TICC)ни ташкил этиш ҳақидаги фикрлар бўйича амалий ишларнинг тезлашишига туртки бўлади, деб умид қиламиз.
Албатта, Президентимиз Мурожаатномасида келтирилган юқоридаги фикрлар ва IV Тошкент халқаро инвестиция форумида илгари сурилган ташаббуслар яқин келажакда инвестициялар ва бошқа халқаро тижорий муносабатлар билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тизимининг янада такомиллаштирилиши ҳамда инвесторлар ва хорижий капитал учун мамлакатимиз жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА