Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро ҳунармандчилик ярмаркаси Ўрта Осиё ҳунармандларини бир жойга бирлаштирди
16:27 / 2025-11-27

Пойтахтимиздаги "Central Asian Expo Uzbekistan" (CAEx) кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” халқаро туризм ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда технологиялари ярмаркаси очилди.

Ҳунармандлар ва миллий маҳсулотлар учун янги имкониятлар эшигини очиш, уларнинг халқаро майдонда ўз брендини ривожлантириш ва замонавий молиявий технологиялардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ маҳаллий ҳунармандлар, шунингдек, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россия ва Япониядан келган усталар иштирок этди.

29 ноябрга қадар давом этадиган мазкур кўргазмада меҳмонлар кулолчилик, қўлда каштачилик, мисгарлик ва ёғоч ўймакорлиги бўйича маҳорат дарсларида қатнашишлари мумкин.

Ярмарка доирасида “Ҳунарманд“ уюшмаси ва "VISA INTERNATIONAL SERVICE ASSOCIATION" компанияси ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро тўлов тизимларини ривожлантириш мақсадида меморандум имзоланди.

Ушбу келишувнинг асосий мақсади ҳунармандлар фаолиятида замонавий электрон тўлов тизимларини ривожлантириш, миллий маҳсулотларни халқаро савдо майдонларида илгари суриш учун қулай ва хавфсиз молиявий ечимларни жорий этишдан иборат.

Меморандум доирасида VISA компанияси ва “Ҳунарманд” уюшмаси биргаликда лойиҳаларни амалга оширади. Улар ҳунармандларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, рақамли тўлов инфратузилмасини кенгайтириш ва креатив иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу ҳамкорлик ҳунармандлар ва миллий маҳсулотлар учун янги имкониятлар эшигини очади, халқаро майдонда ўз брендини ривожлантириш ва замонавий молиявий технологиялардан фойдаланишни таъминлайди.

Гулноза Бобоева, ЎзА