Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро ҳарбий-илмий конференция бошланди
20:26 / 2020-11-04

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан тинчлик йўлида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик доирасида турли халқаро ҳарбий-илмий конференция, семинар ва ўқув машғулотлари ўтказиш анъанага айланди.

Навбатдаги ана шундай тадбирлардан бири – халқаро ҳарбий-илмий онлайн конференция Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида бугун бошланди. Бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган “CОVID-19” пандемияси билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда, тадбир видеоконференцалоқа шаклида ўтказилмоқда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кўмагида «Замонавий ҳарбий низолар ва уларнинг олдини олиш йўллари» мавзусидаги ушбу онлайн-конференцияда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий аксилтеррор тузилмаси, Шимолий атлантика шартномаси ташкилоти, Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази, Россия Федерацияси, Туркия Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия Федератив Республикаси, Польша, Украина, Ҳиндистон, Италия, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси мутахассислари иштирок этмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросимида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори Жон МакГрегор сўзга чиқиб, халқаро илмий онлайн-конференциянинг долзарб жиҳатлари ҳақида фикр билдиришди.

Йиғилишнинг биринчи маърузачиси сифатида полковник Ҳамдам Қаршиев “Ҳозирги даврнинг глобал таҳдидлари” мавзусида мулоҳазалар юритди ҳамда минтақавий муаммолар ва уларнинг ечимига тўхталиб ўтди. Шунингдек, истеъфодаги полковник Робин Массинкофф (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти), профессор Грегори Глинссон (Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази), профессор Айбек Уулу Лесбек (Қирғизистон Қуролли Кучлари ҳарбий институти), полковник Марат Жусупбеков (Қозоғистон мудофаа вазирлиги стратегик ривожланиш департаменти бошлиғи), полковник Валерий Шлакунов (Беларусь ҳарбий академияси доценти), полковник Рустам Самаров (Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси бошлиғи ўринбосари) ҳамда Виктор Михайлов (Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори)ларнинг маърузалари тингланди.

Халқаро илмий онлайн-конференция ўз ишини эртага давом эттиради.

 

Асрор РЎЗИБОЕВ,

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти

ЎзА