Корея Республикасининг Кёнгсаннам-до провинцияси губернатори Пак Ван Су бошчилигидаги делегация Тошкент вилоятида бўлиб турибди.
Мазкур ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-таълим ва маданий соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги “Чирчиқ Технопарки”да Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Кёнгсаннам-до провинцияси ўртасида бизнес-форум ўтказилди. Унда ҳар икки ҳудуднинг расмийлари, ишбилармон доира вакиллари қатнашди.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Кёнгсаннам-до провинцияси билан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва унинг истиқболлари ҳақида сўз юритди. У икки ҳудуд ўртасидаги алоқаларнинг стратегик аҳамиятини таъкидлар экан, инвестиция, таълим, фан ва юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

Тадбир доирасида Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти, инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар, эркин иқтисодий зоналар ва лойиҳа имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, Кёнгсаннам-до провинциясидаги саноат, инновация ва юқори технологиялар соҳасидаги ютуқлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Бизнес-форум доирасида икки ҳудуд ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида расмий битим имзоланди. Шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида В2В ва В2G форматдаги учрашувлар ташкил этилди.

Форумнинг яна бир муҳим қисми таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга бағишланди. Жумладан, Чонвон университети ҳамда Тошкент вилоятидаги етакчи олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланиши режалаштирилган. Бу эса талабалар алмашинуви, илмий-тадқиқот лойиҳалари ва профессор-ўқитувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки беради. Шу билан бирга, делегация аъзоларига Тошкент вилоятининг диққатга сазовор манзилларини ҳам таништириш режалаштирилди.
А.Мусаев, ЎзА.