Шу кунларда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасида бўлиб турибди.
Сафар доирасида вилоят делегацияси Бошқирдистоннинг асаларичилик ва халқ табобати соҳасида алоҳида ўрин тутган — Асаларичилик ва апитерапия бўйича бошқирд илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур илмий марказда замонавий тажриба базаси яратилган. Бу ерда илмий-тадқиқот станциялари, асалари қўриқхоналари, сунъий уруғлантириш лабораториялари, асаларичилик маҳсулотларини қайта ишлаш цехи ҳамда Республика халқ табобати ва апитерапия маркази фаолият олиб боради.
Учрашув давомида делегация аъзолари марказда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар билан танишди. Хусусан, бошқирд асалари популяцияси генофондини сақлаш ва қайта тиклаш, хўжалик учун фойдали белгиларга эга ихтисослаштирилган линияларни яратиш бўйича селекция ишлари кўрсатилди. Бошқирд асалининг таркиби, хусусиятлари ва сифатини ўрганиш ҳамда апитерапияни касалликларнинг олдини олиш ва даволашда қўллаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар тақдимот қилинди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев марказда фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги жуда яхши йўлга қўйилгани, илмий ишланмаларнинг амалиётга самарали жорий этилаётганини алоҳида таъкидлади. Томонлар келгусида ушбу марказ билан асаларичилик ва халқ табобати соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, селекция ишлари ва маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишларида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, сафар давомида йирик агросаноат корхоналаридан бири — "Урожай" компанияси вакиллари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Мазкур компаниянинг асосий фаолият йўналиши зироатчилик ва чорвачилик ҳисобланиб, қишлоқ хўжалигида катта муваффақиятларга эришиб келмоқда.
Хусусан, бу компания тасарруфида 184 минг гектар экин майдони мавжуд бўлиб, йиллик ялпи дон ҳосили 385 минг тоннани ташкил этади. Шунингдек, чорвачилик йўналишида 8 минг 500 бош соғин сигир ва 12 минг 700 бош ёш қорамол парваришланмоқда. Йиллик ялпи сут ишлаб чиқариш ҳажми эса 81 минг тоннадан зиёд.
Делегация аъзоларига корхона фаолияти, компания томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тақдим этилди. Самимий ва очиқ руҳда ўтган мулоқот мобайнида вилоят ҳокими Тошкент вилоятининг қишлоқ хўжалиги салоҳияти, айниқса. чорвачилик соҳасидаги инвестициявий муҳити, мавжуд имкониятлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, вилоятда замонавий чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш, наслчиликни ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда маҳсулотларни қайта ишлаш қувватларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш, ер ажратиш, инфратузилмани тайёр ҳолда тақдим этиш ва солиқ имтиёзлари бериш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Учрашув давомида томонлар қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, чорвачилик ва уруғчилик соҳаларида тажриба алмашиш, инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди. Манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш борасида фикр алмашилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА