Халқаро ҳамкорлик
Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида Халқаро Nordik университети ва ICLEI ташкилотининг Шарқий Осиё котибияти ўзаро ҳамкорлик доирасида ўқув-семинар ташкил қилди.
Семинар қайта тикланадиган энергия манбаларини самарали бошқариш, шаҳарсозликни ривожлантириш, кам углеродли биноларни жорий қилиш ва яшил транспорт тизимларини ривожлантириш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга қаратилди.
Бухоро вилояти Ғиждувон туман ҳокими Шерзод Ашуров семинарда иштирок этиб, ICLEI ташкилотининг Шарқий Осиё котибияти раҳбари жаноб Шу Жу билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида энергия тежовчи технологиялар, қайта тикланадиган энергия манбалари ва барқарор транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тажриба алмашилди.

Шунингдек, тадбир давомида семинар иштирокчиларига Ғиждувон туманининг инвестиция салоҳияти ва тадбиркорлик имкониятларига бағишланган тақдимот намойиш этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.