Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро ҳамкорлик янги лойиҳаларга йўл очади
11:52 / 2025-12-22

Шу кунларда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Унда бир қатор муҳим учрашувлар, инвестицион лойиҳалар асосида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, саудиялик ишбилармонлар билан манфаатли келишувларга эришиш ва бошқа муҳим масалаларда мулоқотлар ташкил этиш режалаштирилган.

Дастлабки учрашув Саудия Ривожлантириш Фонди ижрочи директори Султон Абдураҳмон Ал-Маршад билан бўлди. Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилди. 

Музокараларда Тошкент вилоятида транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида замонавий лойиҳаларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, энергетика, сув таъминоти ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида Саудия Ривожлантириш Фонди имкониятларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Султон Абдураҳмон Ал-Маршад Фонд фаолияти, унинг ривожланаётган мамлакатларда барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Фонд томонидан имтиёзли кредитлар ва грантлар асосида молиялаштирилаётган лойиҳалар ҳамкор давлатлар учун муҳим амалий натижалар бериб келаётганини билдирди. 

Ўз навбатида, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг инвестиция салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хорижий молиявий институтлар билан ҳамкорлик қилиш учун яратилган қулай шароитлар ҳақида маълумот берди. У Саудия Ривожлантириш Фонди билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйиш Тошкент вилояти учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. 

Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, техник маслаҳатлашувларни давом эттириш ҳамда келгусида аниқ йўналишлар бўйича ҳамкорлик механизмларини белгилаш юзасидан келишиб олди. Навбатдаги учрашув Кўнгилочар тадбирлар бош бошқармаси Инвестициялар ва бизнесни ривожлантириш бўйича директори Муҳаннад Холид Ал-Аббад билан бўлди. 

Мулоқот давомида ҳар икки томон ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро яқинликни оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Саудия Арабистонининг “Riyod Bulvar” майдонида Ўзбекистон маданиятини тарғиб этувчи лойиҳаларни йўлга қўйиш, ўзбек миллий таомлари ресторани ҳамда ҳунармандлар маҳсулотлари учун савдо нуқталарини ташкил этиш имкониятлари юзасидан таклифлар билдирилди. 

Вилоят ҳокими З.Мирзаев мазкур ташаббуслар Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий анъаналари ва гастрономик салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён этишга, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада бойитишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. 

Суҳбат сўнггида томонлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ҳамда келгусида аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди. 

А.Мусаев, ЎзА