Дзюдо бўйича икки карра Олимпия ўйинлари совриндори, эстониялик машҳур спортчи Индрек Пертелсон бошчилигидаги хорижий мутахассислар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида профессионал спорт мутахассисларини тайёрлаш жараёни билан танишди.
Университет ректори Рашид Маткаримов, тажрибали мураббий-мутахассислар билан ўтказган мулоқоти давомида спорт соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали спорт маркетингини ривожлантириш, ўтказилаётган спорт тадбирларини глобал миқёсда тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Томонлар спорт маркетингида сунъий интеллект технологияларининг имкониятлари, мухлислар билан интерактив алоқаларни кучайтириш, спортчилар брендини ривожлантириш ҳамда таҳлилий маълумотлар асосида маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашди.

Учрашувда университет талабалари ва ёш мутахассислар учун замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Индрек Пертелсон Ўзбекистонда замонавий спорт тизимини ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, халқаро спорт тажрибаси ва билим алмашинуви, ёш мутахассисларни тайёрлаш борасида самарали халқаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилаётганини қайд этди.
Суҳбат якунида ўзбекистонлик ва халқаро мутахассислар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба ва лойиҳаларни ҳамжиҳатликда амалга ошириш соҳанинг умумбашарий ривожига хизмат қилиши эътироф этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА