“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “ТНГ-Групп” компаниясининг бош директори ўринбосари Фарит Васильев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда томонлар ўртасидаги ўзаро учрашув давомида геофизика хизматлари, қудуқларнинг таъмирланиши ҳамда 2D ва 3D услубидаги сейсмо-қидирув масалалари хусусида сўз юритди.
Хусусан, 2021 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли конлар ва қудуқларда “ТНГ-Групп” компанияси томонидан геофизик тадқиқотлар ҳамда маҳсулдор қатламларни перфорация қилиш бўйича ишлар амалга оширилган.
Мазкур учрашув ҳам томонларни Моделлаштириш марказида сейсмик маълумотларни қайта ишлаш ва ўрганишда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, замонавий технологиялар ва ускуналар ёрдамида 2023 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бурғилаш, қазиб чиқариш бўйича янги натижаларга эришишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шундан келиб чиқиб, учрашувда муҳокама қилинган ҳар бир йўналиш стратегик аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, нафақат компаниялар, балки мамлакат нефть-газ саноати ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олинди. Шунингдек, масъул мутахассислар томонидан ҳамкорликда иш олиб бориш ва ўзаро манфаатли ҳамда истиқболли лойиҳаларни қамраб олувчи “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.
Маълумот ўрнида, 70 йиллик бой тажрибага эга Россиянинг “ТНГ-Групп” нафақат МДҲ мамлакатлари, балки дунёнинг етакчи нефть конларига хизмат кўрсатувчи компаниялардан бири. 2018 йилдан буён “ТНГ-Групп” компаниясининг “TNG LOGGING ASIA” қўшма корхонаси Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиб келаётган кўплаб маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
ЎзА