Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университети диний-маърифий йўналишда дунё эътироф этган етакчи олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Ушбу университет ҳузурида радикализм, зўравон экстремизм ва терроризмга қарши кураш йўналишида Ал-Азҳар обсерваторияси фаолият юритади.
Турли тилларда геомаънавий таҳдидлардан огоҳ этувчи медиа маҳсулотлар тайёрлайдиган мазкур обсерваториянинг расмий ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланган “Ҳидоят либосидаги жаҳолат” номли ҳужжатли фильм ўзбек ва инглиз тилларида жойлаштирилди.
Ал-Азҳар обсерваторияси ва “Зиё” медиа маркази ҳамкорлигининг илк натижаси ўлароқ тайёрланган мазкур фильмда диний радикализмнинг тарихи, унинг геосиёсий омиллар билан боғлиқ жиҳатлари ва ёшлар онгига қандай таъсир ўтказаётгани мухтасар таҳлил қилинган.

Фильм илм ва маърифатнинг аҳамиятини, жаҳолат ва радикаллашувнинг жамиятни қандай ҳалокатга олиб боришини аниқ мисоллар ва ушбу мавзуга ихтисослашган теран фикрли экспертлар иштирокида кўрсатиб беради.
Фильмда халқаро экспертлардан Миср Араб Республикасидаги Экстремизмга қарши кураш “Ал-Азҳар” обсерваторияси директори, исломшунос олима – Рейҳан Абдулла Салама, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Ҳабибулла Садибақосов, Александрия кутубхонаси директори – социолог олим, профессор Аҳмад Абдулла Зайед, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти директори Ҳусниддин Аҳмедов иштирок этган.
Фильм муаллифи: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи-публицист, “Зиё” медиа маркази директори Абдулҳамид Мухторов. Фильм режиссери: Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси, ўнлаб сценарийлар муаллифи Микойил Сулаймонов. Мавзу бўйича маслаҳатчи: тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткирбек Ҳасанбоев.
Фильм жуғрофияси Ўзбекистон, Миср, Туркия давлатларидаги илмий-тадқиқот марказлари ва уларнинг экспертларини қамраб олган. Айни вақтда кейинги қисмларини яратиш борасида иш олиб борилаётган “Ҳидоят либосидаги жаҳолат” туркум фильмлари “Зиё” медиа марказининг ўз йўналишида самарали халқаро ҳамкорликка ва эътирофга лойиқ илмий-ижодий салоҳиятга эга креатив субъектлигини далиллайди.

ЎзА