Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Брюссель шаҳрига ташрифи доирасида Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Европа томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, республикамиз замонавий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ва эришилаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, хусусан, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасидаги муносабатни муҳокама қилдилар.
Илгари қабул қилинган қўшма ташаббус ва дастурларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, турли даража, шаклдаги бўлажак учрашувлар жадвали кўриб чиқилди.
Учрашувда Афғонистондаги вазият ва халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги саъй-ҳаракати доирасида ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш имконияти юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати