Халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Навоий вилояти Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур Автоном ҳудудида фаолият олиб бораётган йирик гранитни қайта ишлаш компанияси – “Fuhua Co. Ltd.” вакиллари билан учрашди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда инвесторларга ҳудудда мавжуд табиий бойликлар, хусусан, гранит захиралари, уларни саноат асосида қайта ишлаш имкониятлари ва мавжуд инфратузилма ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, хорижий инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган солиқ ҳамда божхона имтиёзлари, ер ажратиш тартиби, ривожланган логистика тизими, малакали ишчи кучи борасидаги афзалликлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилган.

Мулоқот чоғида томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, икки томонлама манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири