Бугун Тошкент шаҳридаги «Renessans-hall» мажмуасида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида «Яшил тараққиёт, хавфсиз туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги, замонавий агротехнологиялар ва сув ресурслари соҳаларини ривожлантириш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасида ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар таҳлили ҳамда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ушбу йўналишдаги мавжуд муаммоларга ечим топиш ва келажакдаги режалар муҳокама қилинди, деб хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ушбу ҳафталик доирасида 350 дан зиёд хорижий ҳамкорлар, яъни халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, йирик бизнес вакиллари, экспертлар иштирок этмоқда.
Ҳафталик доирасида ташкил этилаётган тадбирларда хорижий ва маҳаллий экспертлар, таҳлилчилар Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон, ташқи ва ички сиёсатнинг устувор вазифалари юзасидан фикр алмашишмоқда.
Бугунги давра суҳбатида қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Алишер Шукуров Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувлар, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан унумли ва самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар, замонавий агротехнологияларни қишлоқ хўжалигига жорий этилиши ҳамда кичик бизнес соҳасини ривожлантириш борасидаги қадамлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Тадбирда 150 нафар маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар иштирок этишди. Улар орасида Словакиянинг Ўзбекистондаги фахрий элчиси, «Shimco Group» компанияси бошқарув раиси Василий Шимко, «Inexto» (Швейцария) компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий директори Руслан Лансов, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети профессори Сергей Язвенко каби таниқли экспертлар қатнашди.
Тадбир давомида хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан бугун дунё миқёсида рўй бераётган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирлари ҳамда аҳоли сонининг ошиб бориши нафақат ривожланаётган, балки ривожланган давлатларда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек долзарб масалани кун тартибига қўйгани ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги энг асосий манба эса ҳар қандай давлатда ҳам, шубҳасиз, қишлоқ хўжалиги эканлиги, шунинг учун ҳам чўлланиш, қурғоқчилик, деградация каби хавф-хатарлар аграр соҳада ҳам илмий изланишлар, янгидан янги инновациялар устида бош қотиришга ундаётгани ҳақида фикрлар билдирилди.
Бундан ташқари, суҳбат чоғида дунё давлатлари каби Ўзбекистонда ҳам аграр соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, соҳада ҳали фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларининг ҳар бир қаричидан оқилона фойдаланиш, экин майдонларининг шўрланишига қарши курашиш, шўрга, сувсизликка ва турли зараркунандаларга чидамли, янги экин навларини яратиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегия»сидаги устувор йўналишлар ва белгилаб берилган вазифалар ҳақида маълумот берилди.
ЎзА