Халқаро форумда Ўзбекистон тажрибаси тарғиб қилинди
Шу кунларда Россия Федерацияси Самара шаҳрида ўтказилаётган XIII халқаро спорт форумида дунёнинг бир қатор давлат вакиллари қаторида ўзбекистонлик соҳа мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.
Ҳамкорликни ривожлантириш доирасида қатор спорт турлари бўйича мусобақалар, кўргазмали чиқишлар амалга ошириладиган форумда спорт соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича учрашувлар, музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Тошкент вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов, шунингдек вилоятнинг бир қатор туман ва шаҳар спорт ташкилотларининг мутасаддилари ҳам қатнашмоқда.
Халқаро форумда кўргазмали спорт мусобақалари, ҳар бир мамлакатнинг спорт соҳасидаги ютуқлари, инновацион лойиҳалари ва илғор тажрибалари намойиш этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА