Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро форум қатнашчилари Самарқандда бўлди
19:48 / 2021-05-18

19-20 май кунлари Тошкент шаҳрида «Китоб ва мутолаа – жамият тараққиётининг стратегик ресурси» мавзусидаги XVI халқаро форум ўтказилади.

Форум иштирокчилари – Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидаги кутубхоналар вакилларининг бир гуруҳи бугун Самарқанд шаҳрида бўлди.

Меҳмонлар дастлаб Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази фаолияти билан танишди. Уларга марказда китобхонлар ва ходимлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, сақланаётган қадимий қўлёзмалар, нодир адабиётларни ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, кутубхонада «Халқаро ўзаро таъсир: ўқиш маданиятини ривожлантиришда ҳамкорликнинг янги имкониятлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда форум қатнашчилари китобларни сақлаш ва кутубхона фаолиятини янада кенгайтириш, китобхонлар сонини оширишда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш юзасидан ўзаро тажриба алмашдилар.

– Бугун ахборот технологиялари ривожланиб бораётган даврда аҳолини айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятни юксалтириш муҳим вазифа ҳисобланади, – дейди Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Шаҳодат Аҳмедова. 

– Меҳмонларга юртимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердик. Хусусан, ўтган йил марказимизнинг капитал таъмирланиб, китобхонлар учун замонавий қулайликлар яратилгани уларга манзур бўлди. 

Шунингдек, фондимиздаги 4-5 асрлик тарихга эга нодир қўлёзмалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Келгусида бу китобларни биргаликда тадқиқ этиш ва асраб-авайлаш юзасидан фикрлашиб олдик.

Форум қатнашчиларининг Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳати уюштирилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА