English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро форум иштирокчилари илмий-тадқиқот институтларида бўлди
17:03 / 2023-10-12

Аввал хабар берилганидек, пойтахтимизда 11-12 октябрь кунлари “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланган ушбу форум Европа Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуман давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида аёлларнинг ўрни ва иштироки, уларнинг соҳадаги имкониятларини ошириш, аёллар учун агробизнесни ривожлантириш имкониятларини кенгайтириш каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди, фикрлашилди.

Халқаро форумнинг иккинчи кунида анжуман иштирокчилари Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтига ташриф буюрди. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган EU-AGRIN лойиҳаси доирасида ташкил этилган Пахтачилик инновацион гуруҳи таркибида фаолият юритувчи институт олимлари Фарғона вилоятининг тупроқ-иқлим шароити учун янги юқори салоҳиятли ғўза навлари, ресурс тежовчи технологиялар ҳамда зараркунандаларга қарши комплекс чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, EU-AGRIN лойиҳаси қишлоқ хўжалигида инновацион ечимлар ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси ҳисобланади. Ҳозиргача лойиҳа 18 та инновацион гуруҳни ўз ичига олган инновацион ҳамкорликни йўлга қўйди. Уларнинг ҳар бири озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг ўзига хос эҳтиёжлари ёки муаммолари билан шуғулланади ва қишлоқ хўжалигида аёллар учун ижобий тажриба ва ғоялар беради.

Иштирокчилар, шунингдек, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан ҳам танишдилар.

Мазкур халқаро анжуман аграр соҳадаги хотин-қизлар учун ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА