Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва қисқа даврда эришилган натижалар кўпчилик халқаро ташкилотлар ва экспертлар эътиборини тортмоқда.
Коронавирус пандемияси бу борада катта тажриба тўплаш, камбағалликка қарши курашиш сиёсатининг кейинги йўналишлари юзасидан хулоса чиқариш имконини берди. Дунё яна бир бор инсон капитали, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига инвестициялар киритилиши, шунингдек, бундай кутилмаган жараёнларга қарши тура олиш учун молиявий ва иқтисодий захиралар мавжудлиги муҳим эканлигининг гувоҳи бўлди.
Хусусан, мавжуд макроиқтисодий захиралар кўп жиҳатдан Ўзбекистонга қисқа муддатда зарур ресурсларни жалб этиш ва Инқирозга қарши кураш жамғармасини шакллантиришга ёрдам берди. Бу мамлакатимизга учта асосий йўналишда ишлаш имконини берди.
Биринчиси, Соғлиқни сақлаш тизими мустаҳкамланди. Янги шифохоналар қуриш, койкалар сонини кўпайтириш, янги тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонлар ва вакциналарни сотиб олиш, тиббий ходимларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Иккинчидан, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, шунингдек, пандемиядан зарар кўрган аҳолини давлат ёрдами билан қамраб олиш кенгайтирилди.
Учинчидан, солиқ имтиёзлари ва таътилларни тақдим этиш, кредитлар бўйича тўловларни кечиктириш, шунингдек, молиявий воситачиликнинг бошқа турлари орқали иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари қўллаб-қувватланди.
Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда самарали ташкил этиш мақсадида “Темир дафтар” тизими шакллантирилди. Ўтган давр мобайнида “Темир дафтар” га киритилган 651 минг оила, уларнинг 2,7 миллион нафардан ортиқ аъзоларининг 705,2 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали 601,3 минг оила “темир дафтар” дан чиқарилди. Дафтарга киритилган оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш чоралари кўрилди. Хусусан, 96,6 минг нафар фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди, 34,7 минг нафар фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Шунингдек, 16,5 минг нафар фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилди.
Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги мавжуд ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги шахсларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда. Маълумот учун: 20 минг боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар, 38 минг ногиронлиги мавжуд ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатга олинди. Натижада уй-жойини таъмирлашга муҳтож 2,4 минг гуруҳ ногирони бор оилаларнинг 1,8 мингтасининг уй-жойи таъмирланди.
Шунингдек, дафтарга киритилган оилаларга доимий тиббий, психологик ҳамда ҳуқуқий хизматлар кўрсатилмоқда. Хусусан, 14,5 минг тиббий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалардан 13,6 минг оилалар аъзолари (93,8 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилди. Ҳозирга қадар “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар” га киритилган 293,2 минг оилага 279,7 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бир қаторда камбағалликни қисқартириш бўйича янги дастурни амалга оширишнинг асосий институционал асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш устида иш олиб борилди. Хусусан, 2020-2021 йилларда давлат бюджети ҳисобидан нафақа оладиган оилалар сони 2 баробардан зиёд ошди, уларнинг улуши қарийб 15 фоизга етди.
Камбағаллик даражасини белгилашда янги мезон – минимал истеъмол харажатлари жорий этилди. Бу ижтимоий тўловлар ва имтиёзларнинг минимал даражасини қайта кўриб чиқишга имкон берди. Масалан, 2021 йилда ногиронлар, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилалар учун энг кам пенсия ва нафақа турлари миқдори 10-50 фоизга ошди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА