French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро фестивалга тайёргарлик: таржимон ва волонтёрлар ўқитилмоқда
20:04 / 2023-07-04

Хонобод шаҳрида жорий йилнинг 18-20 июль кунлари “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтади. Шу кунларда мазкур фестивалга қизғин тайёргарлик ишлари қизғин тарзда олиб борилмоқда.

Фестивалга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонларга доимий ҳамроҳлик қилувчи таржимон волонтёрлар, гидлар рўйхатини шакллантириш, уларнинг меҳмонлар билан ишлаш борасидаги билим, малака ва кўникмаларини бойитишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон давлат чет тиллари институтининг Гид ҳамроҳлиги, маданиятлараро мулоқот ва таржимашунослик кафедрасининг тажрибали ўқитувчилари томонидан институтнинг Хонобод шаҳридаги Туризм лабораториясида инглиз тилини биладиган, фестивалга таржимон ва волонтёр сифатида жалб этиладиган 50 нафар иқтидорли ёшлар иштирокида таржимонлик ва гидлик маҳоратини ошириш бўйича семинарлар, ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

– Махсус дастур асосида ўтказилаётган семинар машғулотлари асосан  Хонобод шаҳрининг диққатга сазовор жойларида ташкил этилмоқда, – дейди Андижон давлат чет тиллар институти ўқитувчиси Гавҳар Қўчқорова. – Машғулотларда сайёҳлар билан мулоқот жараёнида таржимонларнинг асосий вазифаси, кийиниши, ўзини тутиши, муомала маданияти, шу билан бирга, уларнинг зукколиги, топқирлиги, барча соҳалар бўйича муайян билимга эга бўлишлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

[gallery-12593]

Бундан ташқари, уларга Андижон вилоятидаги, хусусан, Хонобод шаҳридаги диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳлар, тарихий қадамжолар ҳақида ҳам кенг маълумотлар, зарур билимлар берилмоқда. Улар юртимиз, миллий маданиятмиз, халқимизнинг ўзига хос анъана ва урф-одатлари ҳақидаги маълумотларни меҳмонларга тушунарли даражада етказа олиши муҳимдир.

Тайёргарлик доирасида Хонобод шаҳрида фаолият олиб бораётган овқатланиш шохобчалари, савдо марказлари, дам олиш масканлари, сартарошхона ва бошқа сервис хизмати кўрсатувчи муассасаларнинг ходимлари учун ҳам инглиз тили бўйича ўқув  курслар ташкил этилди. Ўқув курслари Андижон давлат чет тиллари институтининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан институтининг Хонобод шаҳридаги Туризм лабораториясида олиб борилмоқда.

Ўқув курсларида хизмат кўрсатувчиларга инглиз тилидан бошланғич саводхонлик сабоқлари берилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, уларнинг хорижий сайёҳлар билан мулоқот қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини оширишдир.

Бу борадаги ишлар белгиланган режа асосида давом этмоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА