Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро фестиваль: Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада оширади
12:42 / 2023-07-07

Бобур юрти Андижоннинг энг хушманзара гўшаси Хонобод шаҳрида шу йилнинг 18-20 июль кунлари “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтади.

Айни кунларда мазкур фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Тайёргарлик доирасида олиб борилаётган ишлар хусусида Андижон вилояти Маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Мархабохон Сатторова қуйидагиларни гапириб берди:  

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларидан эстрада санъати гуруҳлари, хонандаларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Келгусида ҳар икки йилда бир марта ўтказиб борилиши белгиланган мазкур фестиваль шубҳасиз Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширади. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан мазкур фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган Хонобод шаҳрининг марказий маданият ва истироҳат боғидаги катта майдонда махсус саҳна ҳамда томошабинлар учун жойлар барпо этилмоқда.  

[gallery-12633]

Таниқли мутахассис Бахтиёр Неъматов бошчилигидаги усталар, мутахассислар меҳнат қилмоқда. Саҳна тайёр бўлиши билан безаш ва декорация ишлари ҳам бошланади. Халқаро фестивалнинг очилиш маросимини чиройли ва юқори савияда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эртадан Оммавий тадбирлар ўтказиш дирекцияси бош режиссёри Рустамжон Шамсуддинов раҳбарлигидаги ижодий ишчи гуруҳ иш бошлайди. Шунингдек, ижодий ишчи гуруҳ таркибида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Зиёда Мадраҳимова, Рушана Султонова сингари  таниқли мутахассислар ҳам иш олиб боради.  

Бир сўз билан айтганда, тайёргарлик жараёнлари белгиланган режа ва сценарий асосида олиб борилади. Фестиваль доирасида шаҳарнинг турли ҳудудларида ташкил этиладиган маданий-кўнгилочар тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, республикамиз вилоятларидан келадиган фольклор-этнографик жамоалар, эстрада хонандаларининг чиқишлари ҳам ташкил этилади. Ана шу маданий-кўнгилочар тадбирлар учун ҳам алоҳида дастурлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раҳбарлигида фестивалнинг барча ташкилий масалаларини ҳал этиш бўйича оператив штаб ташкил этилган.  Ташкилий ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мутасадди ташкилотлар томонидан маданият ва истироҳат боғини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, шаҳар кўчаларини таъмирлаш, ёритгичлар ўрнатиш, таржимон, волонтёр ҳамда гидлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича курслар ташкил этилган.  

 

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (фото), ЎзА