Туризм жадал ривожланиб бораётган Наманган вилоятида халқаро даражада ўтказилаётган гуллар, асал ва авто каби фестиваллар ўзига хос ташриф қоғозига айланиб улгурди. Буни икки кун давомида юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтган II халқаро “Наманган авто фестивали”да минглаб кишилар яна бир карра ҳис этишди.
Тадбирнинг асосий манзилларидан бири Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик боғида фестиваль доирасида мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида илк маротаба картинг спорт тури мусобоқаси ташкил этилди.
Автоспорт ихлосмандларини бир майдонга жамлаган мазкур мусобақа ёш авлод ўртасида спортнинг техник-амалий турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришга қаратилди.
Саралаш босқичида 7-9 ёшли ёш спортчилар, журналистлар ва блогерлар, шунингдек, профессионал спортчилар фаол қатнашди. Беллашувлар жараёнида иштирокчилар ўз маҳорат, тезкорлик ва бошқарув маҳоратини намоён этиб, асосий босқичга йўлланмалар учун қизғин куч синашди.
Ушбу мусобақа авто ва картинг спортига қизиқувчилар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўташ асносида, уларнинг келгусида профессионал спортда ўз ўрнини топишига туртки беради.
Эътироф этиш жоизки, юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий технологияларни эгаллаш ва меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ишлаб чиқариш ва техник соҳаларда малакали ёш кадрларни тайёрлаш устувор йўналишлардан биридир.
Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, автофестиваль доирасида “Энг яхши автоуста” кўрик-танлови уюштирилиб, унда ёш мутахассислар ўз билим ва кўникмасини синовдан ўтказди. Қатнашчилар танловда автомобилларни диагностика қилиш ва электр тизимларини таъмирлаш; кузов, пайвандлаш ва бўёқ ишлари; двигатель ҳамда юриш қисмини таъмирлаш каби йўналишларда баҳслашди.
[gallery-27709]
Хусусан, кузов, пайвандлаш ва бўёқ ишлари йўналишида ёш усталарнинг автомобиль ташқи қисмидаги шикастланишларни бартараф этиш, замонавий пайвандлаш технологияларини қўллаш ва сифатли бўёқ ишларини бажаришда ўзига хос билимдонлик ва маҳорати яққол кўзга ташланди. Бу нафақат техник билим, балки аниқлик, дид ва масъулиятни ҳам тақозо қилиши билан аҳамиятга эга.
Бинобарин, юртимиз автомобиль саноатининг етакчи тузилмалари – “Ўзавтосаноат” уюшмаси ҳамда “Ўзавтомоторс” компанияси томонидан ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бундай танлов ва фестиваллар ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни йирик саноат корхоналари билан боғлашда муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Вилоятнинг ўзига хос, нуфузли ва анъанавий байрамига айланган автофестиваль нафақат мамлакатимиз ҳудудлари, балки Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия ва Грузия давлатларидан келган авто усталари ва ҳаваскорларни ҳам ром этди. Одамлар билан гавжум “Афсоналар водийси” хиёбонида замонавий тюнинг қилинган ва ретро автомобиллар кўргазмаси минглаб ишқибозларда қизиқиш уйғотди.
Даставвал Наманган шаҳрига кириб келаверишдаги манзил – “Янги Наманган" шаҳарчаси ҳудудида саф тортган автомашиналар колоннаси мотоцикллар ҳамроҳлигида вилоят марказидаги асосий кўчалар бўйлаб ҳаракатланди ва “Афсоналар водийси” темактик паркида тантанали кутиб олинди.
Боғ марказида бўлиб ўтган фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов туризм салоҳиятини ошириш, ёшларни касб-ҳунарга қизиқтириш, бандлигини таъминлашда бу каби халқаро тадбирларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Эътиборлиси шундаки, бугунги кунда Наманган вилоятидаги 4,2 мингдан зиёд автомобилларга сервис хизмат кўрсатиш шохобчаларида “Устоз-шогирд” анаъанаси асосида 11 минг нафарга яқин ёшлар бандлиги таъминланган.
Халқаро миқёсда ташкил этилган автофестиваль иштирокчи ва меҳмонларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Тадбир доирасида ноёб автомобиллар паради, ретро ҳамда тюнинг автомобиллар кўргазмаси, эҳтиёт қисмлар ярмаркаси, қимматбаҳо спорт автомобиллари намойиши, шунингдек, турли танлов ва мусобақалар ўтказилди.
Кечки пайт эса, автофестивалнинг қайноқ ва ҳаяжонли дамлари, яъни тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда фаол иштирок этганлар, шунингдек, турли йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар муносиб равишда рағбатлантирилди. Жумладан, “Энг яхши ретро автомобил”, “Энг яхши ички ва ташқи тюнинг”, “Энг яхши овоз тюнинги”, “Энг яхши автомобил двигатели” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.
Таниқли санъат усталари ижросидаги концерт дастури фестивал иштирокчиларирга кўтаринки кайфият бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА