ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, Жиззах вилояти Зомин туманидаги “НКМК” санаторийсида 19-23 ноябрь кунлари “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида медиафорум бўлиб ўтди.
Навоий кон-металлургия комбинати ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида иккинчи маротаба ташкил этилган мазкур форумда асосан маҳаллий ёш журналистлар ва блогерлар қатнашди. Шунингдек, мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Тожикистонинг “Жумҳурият” газетаси, Буюк Британиянинг “Рейтер”, Эроннинг “Фарсньюс”, Озарбайжоннинг “Азертаж”, Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентликлари, Туркиянинг “ТРТ” телеканали вакиллари ҳам иштирок этди.
Форумнинг илк кунида иштирокчилар Самарқанд вилояти “Зармитан” олтин конидаги жараёнлар билан танишган бўлса, кейинги тадбирлар Жиззах вилояти Зомин туманидаги “НКМК” санаторийсида давом этди. Форум доирасида машғулотлар асосан халқаро журналистлар томонидан “Тадбирни онлайн ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Янгиликлар халқаро ахборот агентликларида қандай тамойил асосида ёритилади?” каби мавзуларда ўтказилди.
[gallery-9704]
–Ҳар бир ахборот берувчи аввало ўз аудиториясини аниқ белгилаб олиши ва материалларни тайёрлашда ана шу мезондан келиб чиқиши керак, - дейди “Рейтер” ахборот агентлиги (Буюк Британия) мухбири Муҳаммадшариф Маматқулов. –Айни вақтда Ўзбекистон матбуотидаги материалларни кузатиб, аксарият мақолаларнинг сарлавҳаси ўқувчини қизиқтириш учун бўрттириб кўрсатилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ўқувчини алдаш, ҳиёнат саналади. Умуман олганда журналистик материаллар тайёрлашда бутун дунёда қабул қилинган қоида – икки қарама-қарши тараф ва битта эксперт фикрини тақдим қилиш ва энг асосий фикрни сарлавҳага олиб чиқиш лозим.
Медиафорум доирасидаги тадбирлар республика ОАВлари билан бирга Туркия, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатлар телевидениелари ва ахборот агентликларида онлайн ёритиб борилди.
Тадбир ёш журналистларнинг билим ва маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА