Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро экспертлар Ер кодексини комплекс ўрганиш учун Тошкентга ташриф буюрди
15:18 / 2025-05-15

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида “Ер кодексини қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида халқаро экспертлар делегацияси Ўзбекистонда ер муносабати ва ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришни муҳокама қилди. Мазкур техник ҳамкорлик лойиҳаси юртимиз ер бошқаруви тизимини халқаро илғор тажрибага мувофиқ модернизация қилиш, ер ҳуқуқларини муҳофаза қилишни кучайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари бозорини самарали ривожлантиришга қаратилган.

ФАОнинг халқаро экспертлар гуруҳи – Мортен Хартвигсен, Брэдли Патерсон ва Томас Версинскас Ўзбекистонга ташрифи давомида миллий манфаатдор томонлар билан қатор учрашувлар ўтказди. Делегация вакиллари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мутахассислари билан алоҳида мулоқотлар ўтказган.

– Ушбу миссия Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигида ер бошқаруви тизимини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик саъй-ҳаракатларимизда муҳим қадам ҳисобланади, – деди лойиҳа координатори Наримон Нишонов. – ФАО экспертлари томонидан берилган тавсиялар ер ислоҳотларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш билан бир вақтда миллий устувор вазифаларни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.

Лойиҳа доирасида ер мулкини масъулиятли бошқариш бўйича халқаро қўлланмалар асосида тенглик, ошкоралик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Экспертлар Сирдарё вилояти Оқолтин ва Сардоба туманларида қишлоқ хўжалиги ерларини бошқариш амалиётини ҳам ўрганиб чиқди.

Таҳлил ва маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон ер қонунчилигини такомиллаштириш, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш мақсадлари ва барқарор ер бошқаруви амалиётларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Қайд этиш керак, ФАОнинг ушбу ташаббуси Ўзбекистонда ер ислоҳотларини самарали амалга ошириш, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга йўналтирилган узоқ муддатли ҳамкорликнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА