Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро эксперт: Ўзбекистоннинг ШҲТ маконида транспорт алоқасини ривожлантиришга қаратилган мақсадли сиёсати
17:08 / 2022-09-16

ЎзА. “Жаҳон матбуоти саҳифаларида”

САМАРҚАНД, 16 сентябрь. Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити арафасида ўзининг муаллифлик мақоласида ташкилотни янада ривожлантиришнинг бир қанча муҳим йўналишларини аниқ белгилаб берди, деб таъкидлайди Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази бўлими раҳбари Зилола Юнусова интервьюда:

-Улардан бири ШҲТ маконида кўп вариантли транспорт-коммуникация йўлакларини қуриш лойиҳаларини ҳаётда амалга оширишдир.

Агар Президентнинг ШҲТ маконида транспорт алоқаларини ривожлантиришга доир қарашларининг мазмун-моҳиятини синчковлик билан ўрганадиган бўлсак, қуйидаги муҳим фикрларни ажратиб кўрсатишимиз мумкин:

Биринчидан, халқаро бозорларга олиб чиқадиган транспорт-коммуникация йўналишларини диверсификация қилиш истагини Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсатини амалга оширишнинг узоқ муддатли стратегия контекстида кўриб чиқиш керак. Аслини олганда, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган янги минтақавий сиёсат нафақат Марказий Осиё давлатлари билан конструктив мулоқот ва ҳамкорликни шакллантириш, балки бутун минтақанинг савдо-иқтисодий, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит, сайёҳлик, тарихий-маданий салоҳиятини очиб бериш, хусусан, ШҲТ маконидаги ўзаро боғланган лойиҳалар ҳисобига амалга оширишни кўзда тутади.

ШҲТ Ўзбекистоннинг деярли барча асосий ташқи сиёсат ва иқтисодий шерикларини ўз ичига олган ташкилотдир. Булар биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, кузатувчи давлатлар ва ШҲТ мулоқоти бўйича ҳамкорлари бўлиб, улар билан бизни яқин савдо-иқтисодий, транспорт ва инфратузилма алоқалари боғлаб туради.

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи савдосининг қарийб ярми ШҲТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади, бу эса умумий қиймати 24,5 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар сармояси иштирокидаги 7,5 мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда.

Иккинчидан, Президент мақоласида кўрсатилган трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасининг амалга оширилиши Араб денгизидаги Покистон портларига (Гвадар, Қорачи ва бошқа) чиқадиган янги ва энг қисқа транзит йўлагини шакллантириш имконини беради. Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар йўлининг қурилиши Ўзбекистондан Покистонга юк ташишни 35 кундан 3-5 кунгача қисқартиради ва юк ташиш нархини 30-35 фоизга камайтиради. Бугунги кунда денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкони бўлмагани сабабли Марказий осиё давлатларининг транспорт харажатлари экспорт маҳсулоти таннархининг 70-80 фоиз ва импортнинг 60 фоизини ташкил этади.

Учинчидан, аллақачон кенг қўллаб-қувватланган халқаро трансафғон транспорт йўлагининг қурилиши Ўзбекистон томонидан афғон жамиятининг кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда ноёб имконият сифатида баҳоланмоқда. Агар Ўзбекистон ташаббуси билан қуриб битказилган Хайратон-Мозори-Шариф темир йўлининг ижтимоий-иқтисодий самарасини эсласак, Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, 1,2 мингдан ортиқ киши янги иш ўринлари билан таъминланган, темир йўл бўйлаб бандликнинг ўсиш суръати йилига 10-11 фоизни ташкил этмоқда.

Ўз навбатида, “Пешовар” йўлининг қурилиши дастлабки маълумотларга кўра, Афғонистоннинг ташқи савдо айланмасини 50 фоизга ошириши ва Кобулга транзитдан йилига 400-500 миллион доллар даромад келтириши мумкин.

Афғонистон – Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлик лойиҳаларида асосий бўғин бўлиб, афсуски, хозиргача Марказий Осиё ва бутун ШҲТ маконида минтақавий хавфсизлик тизимининг муҳим омили бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон қўшни давлатлар ва Афғонистоннинг янги ҳокимиятлари билан иқтисодиётни тиклаш ва мамлакатни минтақавий алоқаларга жалб қилиш учун фаол ҳамкорликни давом эттиради.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ШҲТ маконида транспорт алоқасини ривожлантиришга  қаратилган мақсадли сиёсати, жумладан, Тошкент томонидан илгари сурилаётган трансафғон йўлаги лойиҳаси инфратузилмани ривожлантиришга кучайиб бораётган талабга, айниқса пандемия ва жаҳон иқтисодиётида юзага келаётган мураккаб вазиятга ўз вақтида берилган жавоби бўлади.