Жанубий Кореяда енгил юк машинаси Пучон бозорига кириб кетиб, йўлакда ҳаракатланаётган одамларни уриб юборди ва дўконга бориб урилди. Ҳодиса оқибатида икки киши вафот этди. Бу ҳақда Тhе Korean Herald хабар берди. Воқеа 13 ноябрь куни Кёнгги провинциясида содир бўлган. Маҳаллий вақт билан соат 10:55 да 60 ёшдаги эркак бошқарувидаги юк машинаси тўсатдан бозорга кириб кетган. Ҳодиса жойига 20 га яқин махсус техника ва 60 нафар қутқарувчи юборилган.
Германияда оқова сув намуналарида ёввойи полиомиелит вируси (WPV1) аниқланди. Бу ҳақда Роберт Кох институтига таяниб, Reuters хабар берди. Полиомиелит билан касалланишнинг сўнгги ҳолати мамлакатда 30 йилдан кўпроқ вақт олдин қайд этилган. 2021 йилдан бошлаб Германияда атроф-муҳитдаги сув намуналарида полиовирус бор-йўқлигини аниқлаш бўйича мониторинг йўлга қўйилган. Вирус айнан шу мониторинг доирасида аниқланди.
“Лукойл” акциялари АҚШ санкциялари ва компаниянинг хорижий активларини сотиш бўйича битимнинг барбод бўлиши туфайли кескин тушиб кетди. Москва биржасида 12 ноябрь кунги савдоларда “Лукойл” қоғозлари донаси 4 900 рублгача (салкам 60,5 доллар) тушди. Бу сўнгги икки ярим йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Бир кунда компания котировкалари 4,6 фоизга, ҳафта бошидан бери 7,4 фоизга, санкциялар жорий этилган 23 октябрдан бери эса 18,6 фоизга пасайди. Натижада Россиядаги энг йирик хусусий нефть компаниясининг бозор қиймати 777 миллиард рубль ёки 9,6 миллиард долларга қисқарди.
АҚШ президенти Дональд Трамп федерал ҳукумат ишини молиялаштиришни 30 январгача узайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Шу тариқа мамлакат тарихидаги энг узоқ давом этган шатдаун якунланди. АҚШдаги шатдаун бу сафар 43 кун давом этди, бу мамлакат тарихидаги энг узоқ танаффусдир. Республикачилар ва демократлар ўртасида федерал бюджет бўйича келишмовчиликлар туфайли 750 мингга яқин федерал хизматчи иш ҳақи сақланмаган ҳолда мажбурий таътилга чиқарилди. Фақат авиадиспетчерлар, полиция, чегара қўриқлаш хизмати ва шошилинч тиббий ёрдам бундан мустасно бўлди.
Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили 2022 йилдан бери даволанаётган Тбилисидаги клиникадан чиқарилди ва 12-сонли ахлоқ тузатиш муассасасига (Рустав қамоқхонаси) қайтариб юборилди. Сиёсатчи жазони умумий асосларда ўташни давом эттиради. Бу ҳақда Грузия махсус пенитенсиар хизмати хабар берди. Саакашвилининг ҳозирги ҳолати “қониқарли”, шу сабабли у энди стационар даволанишга “муҳтож эмас”. Пенитенсиар хизмат бу маълумотни сиёсатчининг даволовчи шифокори хулосасига асослаб берган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/U6F0ssh6Ans" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА