Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро дайжест (+видео)
18:49 / 2025-11-18

АҚШ президенти Дональд Трамп 2026-йилги Жаҳон чемпионати ўйинлари учун чиптаси борларга виза суҳбатлари тезлаштирилишини айтди. Аризачилар олти-саккиз ҳафта ичида суҳбатга таклиф этилиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ раҳбари FIFA вакиллари билан жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида маълум қилди. Шу билан бирга, АҚШ давлат котиби Марко Рубио тезлаштирилган жараён автоматик кириш ҳуқуқини кафолатламаслигини таъкидлади.

Германия ҳукумати Исроил армияси Ғазода фойдаланиши мумкин бўлган қуролларни етказиб беришга қўйилган августдаги тақиқни бекор қилди. Қарор 24 ноябрдан кучга киради. Бу ҳақда ҳукумат вакили Стефан Корнелиусга хабар берди. Чекловларнинг бекор қилиниши 10 октябрдан бери амалда бўлган Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими “сўнгги ҳафталарда барқарорлашгани” билан изоҳланди. Шу билан бирга, Германия энди ҳар бир етказиб бериш аризасини маъқулламайди, балки “қурол экспортининг ҳар бир ҳолатини алоҳида кўриб чиқишга қайтади ва воқеаларнинг кейинги ривожига жавоб беради”.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуга уюштирилиши режалаштирилган суиқасднинг олди олинди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Московский комсомолец” хабар берди. Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) 14 ноябрь куни Троекуровский қабристонида Россиянинг юқори мартабали амалдорларидан бирига суиқасд уюштиришга уриниш фош этилганини маълум қилди. Идора маълумотига кўра, ҳужум “Украина топшириғи билан” амалдор яқин қариндошлари қабрини зиёрат қилган пайтда амалга оширилиши режалаштирилган. ФХХ баёнотида амалдор номи кўрсатилмаган.

Россия армияси Одесса вилоятини ўққа тутиш чоғида суюлтирилган газ ташиётган Туркия байроғи остидаги танкерга дрон билан зарба берди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди. Ҳужум 17 ноябрь, душанба куни Измаил портида ёнилғи туширилаётган пайтда содир бўлган ва зарбадан сўнг кемада ёнғин чиққан. Туркия Денгиз ишлари бошқармаси маълумотига кўра, бортдаги 16 нафар экипаж аъзоси тўлиқ эвакуация қилинган, жабрланганлар йўқ.

АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) Ўзбекистондан келган 31 ёшли муҳожир Аҳрор Бозоровни терроризмга алоқадорликда гумон қилиб ҳибсга олди. Бу ҳақда Fox News хабар берди. Бозоров 2022-йилда террорчилик ташкилотга алоқадорлиги учун Ўзбекистонда қидирувга берилган. Мамлакат расмийлари уни интернетда жиҳодга чақирувчи террорчилик тарғиботини тарқатишда ва одамларни жиҳодчилик ҳаракатига жалб қилишда айбламоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JaU200kDdLI" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА