Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро дайжест (+видео)
20:55 / 2025-11-07

Шимолий Корея 7 ноябрь куни шарқий қирғоқлари томон баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ва Япония маълумотларига таяниб, Reuters хабар берди. Қисқа масофали баллистик ракета Хитой чегарасига яқин ҳудуддан учирилган. У тахминан 700 километр масофани босиб ўтган. Ҳодиса АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг хавфсизлик музокаралари учун Жанубий Кореяга ташрифидан атиги бир неча кун ўтиб содир бўлди.

Австралиянинг Мелбурн халқаро аэропортида йўловчининг чўнтагидаги литий повербанк ёниб кетди. Оқибатда эркак оёғи ва бармоқларидан куйиш жароҳати олди. Бу ҳақда BBC хабар берди. Ҳодиса 6 ноябрь куни Qantas авиакомпаниясининг бизнес залида юз берган. 50 ёшлар атрофидаги эркакнинг повербанки қизиб, ёниб кетган. Натижада зални тутун қоплаган ва 150 га яқин киши эвакуация қилинган. Эркак шифохонага олиб кетилган, бироқ кейинчалик унга жавоб берилган.

АҚШнинг Diversity Visa (DV-2027) лотереясида иштирок этиш учун ариза бериш тартибига техник ўзгаришлар киритилмоқда. Бу ҳақда Давлат департаменти хабар берди. DV-2027 натижаларини рўйхатдан ўтказиш ва эълон қилишнинг бошланиш саналари тез орада эълон қилинади. Ўзгаришлар ташкилий характерга эга бўлиб, дастурнинг ўзига таъсир қилмайди. Ушбу ўзгаришлар DV-2027 учун танланган шахсларнинг виза топшириш муддатига таъсир кўрсатмайди. Бу муддат 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 30 сентябргача ўзгаришсиз қолади.

Украиналик ҳарбий асирни Запорожье шаҳрида отиб ўлдирган рус ҳарбийси Дмитрий Курашов Украинада умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик хизмати хабар берди. Бу Украина тарихида биринчи марта Мудофаа кучлари жангчисини отиб ўлдирган рус ҳарбийси учун оғир жазо тайинланган ҳолатдир. Тергов маълумотларига кўра, 27 ёшли Россия фуқароси Курашов илгари ўғирлик учун Россияда қамалган. У 2023 йил ноябрь ойида амнистия асосида озод этилиб, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев мамлакат армиясини НАТО стандартларига ўтказиш ҳақида баёнот берди. Сиёсатчи бу ҳақда 6 ноябрь куни альянс вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

“Давлат раҳбари Озарбайжон армиясининг НАТО стандартларига мослаштирилаётгани ва бу борада Туркия армияси билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади”, дейилади Озарбайжон президенти сайтида.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ahxoeV0vTzg" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА