Россия 1 ноябрь куни Украинада элита ҳарбийларини тақдирлаш маросимида ракета учирди. Оқибатда бир нечта украиналик аскар ҳалок бўлди ва яраланди. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди. Украина расмийлари ҳодиса юзасидан “эҳтимолий бепарволик” бўйича тергов бошлаган. Ҳужумда неча нафар аскар ҳалок бўлгани номаълум. Украиналик журналист Дмитрий Святненконинг сўзларига кўра, унинг акаси — элита дрон оператори маросим пайтида ҳалок бўлган. 43 ёшли Владимир Святненко 35-алоҳида денгиз пиёдалари бригадасида хизмат қилган эди.
Россия президенти Владимир Путин АҚШ 6–7 дақиқа ичида Россияга етиб борадиган ракеталарни Европага жойлаштиришни режалаштираётгани ҳақида маълумот олди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди. Мудофаа вазири Андрей Белоусов Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишида мазкур ракеталар ҳақида маълумот берган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Европа ва Осиё–Тинч океани минтақасида 5,5 минг километргача уча оладиган Dark Eagle ракета тизимларини жойлаштирмоқчи.
Европа Иттифоқи Россия фуқароларига кўп марталик Шенген визаларини беришни деярли тўлиқ тўхтатишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда музокаралардан хабардор европалик амалдорларга таяниб, Politico хабар берди. Янги чорага кўра, Россия фуқароларига асосан бир марталик кириш визалари расмийлаштирилади. Истиснолар фақат гуманитар сабабларга эга шахслар ёки Европа Иттифоқи фуқаролигига эга бўлганлар учун қўлланилади. Чекловларнинг шу ҳафтанинг ўзидаёқ тасдиқланиши кутилмоқда.
Голливуд юлдузи Анжелина Жоли 5 ноябрь куни Украинанинг Херсон шаҳрига ташриф буюрди. У Украина ҳукуматини ташрифи ҳақида огоҳлантирмаган. Бу ҳақда Politico хабар берди. Украина Telegram каналларида Анжелина Жолининг Херсондаги бошпанадан олинган суратлари тарқалди. Тасвирларда машҳур актрисанинг ўйин хонаси сифатида жиҳозланган ертўлада болалар билан суҳбатлашаётгани акс этган.
Дунёда мол гўшти нархи тарихий чўққига чиқиб, биринчи марта бир килограмм учун 7 доллардан ошди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди. Маълумотларга кўра, мол гўшти нархи беш ойдан буён ўсиб бормоқда. Октябрь ойида нарх сентябрга нисбатан 3 фоизга, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан эса 17 фоизга ошган. Натижада бир кило гўштнинг нархи 7,1 долларга етиб, 1960 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткични қайд этган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yUNHQ9goOBQ" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА