Россия Европага муаммолар яратиш билан таҳдид қилди. Бу ҳолат АҚШ президенти Дональд Трамп Украинага Tomahawk ракеталарини юборишга рухсат берса амалга ошиши таъкидланди. Бу ҳақда рус манбаларига таяниб, The Independent хабар берди. Трамп сўнгги кунларда Украинага узоқ масофага учувчи Tomahawk ракеталарини етказиб бериш масаласида қарор чиқариши кутилмоқда. Россия парламентининг мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполовга кўра, Москва Tomahawk ракеталарини Киев томонига етказадиган давлатларга қарши жавоб чораларини кўради.
АҚШнинг Флорида штатида 13 ёшли мактаб ўқувчиси ChatGPT’дан дўстини қандай ўлдириш мумкинлигини сўрагач, ҳибсга олинди. Бу ҳақда Euronews хабар берди. Маълум қилинишича, бу ҳолат Southwestern ўрта мактабида юз берган. Бола мактаб компьютери орқали сунъий интеллектдан қуйидагича маслаҳат сўраган: “Дарс пайтида дўстимни қандай ўлдирсам бўлади?” Шундан сўнг Гаггле номли сунъий интеллектга асосланган хавфсизлик тизими бу хабарни дарҳол полицияга юборган. Тезкор ҳаракат натижасида бола ҳибсга олинган.
Европа Иттифоқини ҳарбийлаштириш дастури доирасида Россия ва Беларусь билан чегаралар яқинида жанговар дронлар жойлаштириш режалаштирилди. Бу ҳақда мудофаа бўйича еврокомиссар Андрюс Кубилюс маълум қилди. Сиёсатчи Европа ҳаво ҳудудида номаълум дронлар пайдо бўлаётганига муносабат билдирди.
“Шарқий фронтолди давлатлари ва бутун Европа Иттифоқи учун дронларга қарши имкониятларимизни яратишни ортга сурмайлик”, деди у.
АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазо бўйича тинчлик келишувининг биринчи босқичи устида келишувга эришилганини маълум қилди. Унга кўра, ҳар икки томондаги барча асирлар тез орада озод қилинади. Бу ҳақда BBC хабар берди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу бу келишув кунини “Исроил учун буюк кун” деб атаган. У бугун, 9 октябрь куни ҳукумат йиғилишини ўтказиб, ушбу битимни тасдиқлатмоқчи. ҲАМАС эса келишувни тасдиқлаган - бироқ озод қилиниши режалаштирилаётган маҳбусларнинг якуний рўйхати эълон қилинганича йўқ.
Германия федерал полицияси хавф туғдирувчи дронларни тутиб олиш ва уриб тушириш ваколатига эга бўлади. Ҳукумат 8 октябрь куни Федерал полиция тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишни маъқуллади. Қонун лойиҳасида полиция энди дронлардан ҳимояланиш чораларини кўра олиши кўрсатилган. Улар ҳатто “жисмоний таъсир воситалардан” ҳам фойдаланиши мумкин. Яъни дронларни тўхтатиш ва йўқ қилиш ҳуқуқи ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/D8LbSTKba_A" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА