English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро Дайжест: охири кўринмаётган урушлар, Байден ваъдаси, Американинг ойга парвози (+видео)
21:25 / 2024-03-02

Ўтган ҳафта Россия – Украина зиддияти авж олганига 2 йил тўлди. Президент Владимир Зеленский 31 мингта аскар ҳалок бўлгани, 10 мингдан зиёд бегуноҳ аҳоли вафот этганини очиқлади.

Украина уруш узоқ давом этишини ҳисобга олиб, қўшимча қурол ва дрон ишлаб чиқариш режасини маълум қилди. Мудофаа вазири Рустем Умеров айтишича, рақибга қарши тузилган янги режа бу йил натижа келтиради. Ҳарбийлар учун ўқ узиш жойлари барпо этилган, янги истеҳком қурилиши устида иш олиб бориляпти.

Низо чўзиларкан, Украинани қўллаб-қувватловчиларда ҳам чарчоқ сезилмоқда. Масалан, АҚШ Конгрессида юзага келган қарама-қаршилик туфайли 60 миллиард долларлик ёрдам музлатиб қўйилиши Киевга салбий таъсир ўтказган. Бунинг устига Оқ уй америкалик аскарлар Украинага бормаслигини маълум қилди. Словакия Бош вазири Роберт Фико ҳам, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, қўшин юбориш ниятида эмаслигини билдирди.

Феврал ойи охирида Парижда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган конференцияда Президент Эммануэль Макрон Европа давлатлари ўртасида ҳарбий қўшин жўнатиш ҳақида ҳозирча умумий фикр йўқлиги, аммо келажакда бундай вазият юзага келиши мумкинлигини истисно этмади. Макрон Европа давлатларини умумий хавфсизликни таъминлашга чақирган.

Германия, Франция ва Европанинг қатор давлатларида Украинанинг арзон импорт нархи ва қишлоқ хўжалигидаги чеклов асносида фермерлар намойишга чиқа бошлади. Ўтган ҳафта Бельгияда жойлашган ЕИ биноси олдида намойишчилар полиция билан тўқнашди. Фермерлар Брюссель шаҳрига 900 та трактор билан кириб борган, ўша вақт Европа Иттифоқи давлатлари вазирлари қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни муҳокама қилиш учун йиғилган эди.

Ҳатто, жаҳон урушида ҳам бирор иттифоққа эҳтиёж сезмаган Швеция Венгрия розилигидан сўнг НАТОга 32 давлат сифатида киришга тайёр турибди. Ўтган йил Финляндия аъзоликни қўлган киритган.

Дунёнинг яна бир қайноқ нуқтасига айланган Ғазо секторида можаро тинмаяпти. Кутилганидан чўзилган уруш аллақачон ҳудудни очарчилик ёқасига олиб келди. БМТ маълумотига кўра, Исроил йўлларни тўсиб қўйиши сабабли Ғазо шимолига 23 январдан бошлаб ёрдам бормаган эди. Иордания 28 февраль куни тўрт самолётда гуманитар ёрдам эксклавнинг жанубий соҳилига етказилганини маълум қилди. Фаластинликларни қўллаётган Яман хусийлари Қизил денгизда Исроил ва иттифоқчиларга тегишли кемаларга ҳужумни давом эттирмоқда. Британия Савдо палатаси хабарига кўра, минглаб кемалар нарх ошиши, денгизни айланиб ўтишда қийинчилик юзага келишидан азият чекмоқда. Исроил нашрлари ёзишича, хусийлар Осиё ва Европани боғлайдиган интернет алоқасини таъминловчи тўртта сув ости симига зиён етказган.

Араб ва мусулмон давлатлари Қўшма Штатлар томонидан Исроил қўллаб-қувватланиши уруш минтақага кенг ёйилиб кетишига олиб келишидан огоҳлантириб келади. Журналистларнинг тинчликка эришиш йўли ҳақидаги саволига жавобан Байден келаётган душанбагача ўқ отиш тўхтатилишини айтган. Исроил ҳам Рамазон ойида маҳбусларни Ғазодан олиб чиқиб кетиш учун жангни тўхтатишга тайёрлигини билдирди.

Дунёда урушлар тинмаётган бир вақтда табиат ҳам инжиқлик қиляпти. Олимларлар Антарктидадаги муз қопламаси сезиларли даражада камайиб бораётганини айтган. Муз қалинлиги ҳозир 1-2 метрдан ошмайди. ОАВ Антарктида бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эканини ёзмоқда. Денгиз музи пасайиши пингвин, тюлен ва бошқа жонзотларга хавф туғдириши муқаррар. Туркиялик тадқиқотчилар фикрича, қитъада ушбу мамлакат ҳудудига тенг келадиган муз уч йил давомида эриб кетган.

26 февралдан 1 мартга қадар Кения пойтахти Найробида бўлиб ўтган БМТ Иқлим саммитида об-ҳаво ўзгариши, атроф-муҳитга таъсир масалалари кўтарилган.

Шу кунларда Австралия ва Америка йирик ўрмон ёнғинларини бошдан кечирмоқда. Яшил қитъа ҳукумати Виктория штати ғарбий қисмида 30 мингга яқин кишини эвакуация қилишга мажбур бўлди. 20 минг гектарга яқин ер кулга айланган. Техасдаги ёнғинда 2 киши ҳалок бўлиб, 435 минг гектар ер олов ичида волган.

<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/_OsDRPtd8kg" title="Xalqaro Dayjest: oxiri koʻrinmayotgan urushlar, Bayden vaʼdasi, Amerikaning oyga parvozi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Дастуримиз сўнгида фазодан гапирамиз.

Ўтаётган ҳафта Америка кемаси ойга қўнди, деб хабар берди НАСА. Қўшма Штатларнинг хусусий “Odisseys” фазо кемаси 15 февраль куни фазога кўтарилди. АҚШ қурилмаси Ернинг табиий йўлдоши сатҳига охирги марта 1972 йил қўнган эди. Шунингдек, НАСА кичик сунъий йўлдошни қувватлантириш учун юпқа қуёш панелидан фойдаланишини эълон қилди. Бндай панеллар кам жой эгаллаб, аввалгиларига қараганда уч карра кўпроқ қувват тарқатади. Яна бир хусусий компания – “SpaceX”нинг “Falcon-9” ракетаси 24 та кичик сунъий йўлдошдан иборат навбатдаги гуруҳни орбитага муваффақиятли олиб чиқди. 2019 йилдан бери “SpaceX” “Starlink” лойиҳаси доирасида фазога йўллаган 5 900 га яқин шундай сунъий йўлдошнинг 5 600 дан кўпи фаол ишламоқда.

Сардорбек Поёнов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.