Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро дайжест: Москвада теракт, қуролланиш пойгаси ва бир оилада 36 қурбон (+видео)
22:13 / 2024-03-23

Дунёда кескин, кутилмаган воқеликлар рўй бермоқда.

Ғазо ҳамон уруш ўчоғи бўлиб турибди. Ўтаётган ҳафта бир оиланинг 36 аъзоси бирданига вафот этди. Бу ҳақда “France24” маълумот тарқатди. Гувоҳларга кўра, Нусейрат қочқинлар лагерида Табатибилар оиласи йиғилган эди. Оила аъзолари саҳарлик учун таом тайёрлаш жараёнида бино бамбардимон қилиниши ортидан ҳаётдан кўз юмди. Шу кунларда Ғазо бўйлаб “хавфсиз” сўзи моҳиятини йўқотган. Доимий очлик ва қуролли ҳужум вазиятни шунга олиб келди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШнинг охирги вақтдаги босими сабабини Фаластин давлати тан олинмаслиги билан боғлаган. Бинобарин, Оқ уйнинг Исроилга қўллови ҳеч қачон тўхтамайди. Шунингдек, у Исроил тарафдан анклав аҳолиси чиқиб кетиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги, билъакс уларни қабул қилишга бирор давлат тайёр ҳам эмаслигини айтган. Октябр ойида, уруш бошланганда фаластинликларни Мисрга кўчиришга қарор қилинганда ҳукумат қочоқларни қабул қилмагани, Миср расмийлари томонидан бунга Ғазо босиб олиниб, яҳудий манзилгоҳлари қурилиши ва фаластиникларнинг қайтиб келишига йўл қўйилмаслиги мумкинлиги сабаб сифатида кўрсатилган эди.

Таҳлилчиларга кўра, ҳудудга гуманитар ёрдам кириб келишига тўсқинлик қилинишидан ҳам Исроил қурол сифатида фойдаланмоқда. Ғазодаги очликка сабаб бўлаётган йирик қуроллар иттифоқчи давлатлардан кириб келиши тинмаяпти.

Ғазо қўлловчиси бўлган Яман хусийлари Қизил денгизда Хитой ва Россия кемаларига тўсқинлик қилмасликка келишиб олган, деб маълумот берди “Bloomberg” нашри. Гуруҳ Ғазо сектори ва Фаластин ҳудудида тинчлик ўрнатилмагунча, Исроил кемаларига ҳужум давом этишини таъкидлаб келади. Шу боис денгизда юк ташишни ҳимоя қилиш учун Қўшма Штатлар “Operation Prosperity Guardian” амалиётини бошлаган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 22 март куни АҚШ томонидан Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича киритилган резолюция лойиҳасига Хитой ва Россия вето қўйди. Мазкур ҳужжат ХАМАС гуруҳи томонидан гаровга олинган исроилликларни озод қилишни ҳам назарда тутади.

– Резолюцияни қўллаб-қуввватлашдан бош тортиши Россия тинчликка эришишдан кўра, сиёсатни афзал кўраётганини билдиради, – дея изоҳ билдирган АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги доимий вакили.

Етарли овоз тўплай олмаган ушбу лойиҳа Қўшма Штатларнинг Ғазо масаласидаги биринчи чақируви эди.

Украинада нима гап?

Киевнинг Россияга давомли ҳужумидан сўнг Москва ҳам жангни давом эттирмоқда. Украина Президентига кўра, мамлакат бўйлаб қилинган тунги ҳужумда 60 дан ортиқ “Шаҳид” дрони, 90 га яқин турли ракета ишлатилган. Электр станциялари, электр узатиш линиялари, Днепр ГЭС тўғони ва қўрғонлар ўққа тутилган. Харьков электр таъминотидан бутунлай узилиб қолган. Инфратузилмага йигирмадан кўп ракета зарбаси берилган, шаҳар учун бу энг йирик ҳужум. Украина пойтахтига 31 марта ракета учирилиб, ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш тизими, деярли, 3 соат давом этган.

Томонлар тезкор қуролланиш босқичига кирди. Жумладан, Чехия Украина Қуролли кучлари учун 800 минг снаряд сотиб олди. Харид қилинган пакетда 300 минг дона совет услубидаги ўқ-дори, 500 мингга яқин Ғарбда ишлаб чиқарилган снаряд бор. Бу аслаҳалар йил охиригача бир неча босқичда етказилади, деб ёзди “The Wall Street Journal”.

Германия ҳарбий ёрдам сифатида 500 миллион евро ажратади. Нидерландия 350 миллион евролик ҳарбий кўмак пакетини тайёрламоқда.

Европарламент раҳбари Европа кенгашини Киевга ёрдамни тезлатишга чақирди. Париж ва Берлин танк ишлаб чиқарувчи KNDS Франция-Германия компаниясига Украинада ишлаб чиқариш бўлинмасини ташкил этиш имконини берувчи келишувга эришган. “Sky News” ёзишича, Шимолий Корея Россияга ўқ-дори ва ҳарбий техника ортилган 7 минг дона контейнер жўнатган.

Ўтаётган ҳафта АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга борди. Учрашув мазмунидан келиб чиқилса, англаш мумкинки, Салливан Украина билан бирдамликни тасдиқлаб, ёрдам вақтида етиб бормаётгани сабабини тушунтирган.

– Мен ёрдам қачон амалга оширилиши ҳақида ҳеч қандай тахмин билдира олмайман, лекин биз буни имкон қадар тезроқ амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз, Президент Байден айни масала устида ҳар куни ишламоқда, – деган Қўшма Штатлар вакили.

Шунингдек, у украиналикларни АҚШга ишонишда давом этишга чақирган. Икки йил олдин Россиянинг Украинага юришини махсус амалиёт, деб атаган расмий Кремль бугун ҳолат уруш эканини тан олмоқда. Кремль матбуот котиби Песков вазиятни Ғарб жамоаси можарода тўғридан-тўғри иштирок этиш эҳтимолини кучайтириши сифатида баҳолаган ва фуқароларни ўз ҳудудини ҳимоя қилишга чорлаган. НАТО ҳам Россия билан жанг қилишга тайёрлигини яшираётгани йўқ.

– “Биз урушга тайёрмизми?” саволига жавоб “Ҳа, тайёрмиз” бўлади, – деган Альянс ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр.

Россиядан узоқлашаётган Арманистон янги шериклари билан музокарани бошлади. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Арманистонга ташрифи доирасида Бош вазир Никол Пашинян билан учрашди. Расмийлар минтақавий жараён, Арманистон – НАТОҳамкорлиги, Ереван ва Боку ўртасидаги тинчлик келишуви билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.

Ўтган ҳафта Путин яна президентлик сайловида ғалаба қозонди: 87 фоиздан кўп овоз тўплаб, бешинчи бор раҳбарлик курсисига ўтирди. Путинни биринчилардан бўлиб Венесуэла, Никарагуа, Шимолий Корея раҳбарлари табриклаган. Шундан сўнг, дунёнинг қатор давлат раҳбарлари унга табрик йўллади.

Москва жума оқшомини кўнгилсиз воқеа билан қарши олди. Пойтахт вилояти ҳудудидаги концерт залида террор ҳаракати содир этилди. Биз ушбу видео лавҳани тайёрлаётган пайтдаги сўнгги маълумотга кўра, фожиа туфайли 115 дан зиёд одам вафот этган, 100 дан кўп инсон жароҳатланган. Оқ уй РФга биринчилардан бўлиб ҳамдардлик билдирди. Россия томони АҚШдан, агар маълумот мавжуд бўлса, беришни сўраган. Қўшма Штатларга кўра, ҳодиса иштирокчилари ИШИД гуруҳига тегишли. Москва қисман Киевдан гумонда, Киев воқеани Кремлнинг ўзи содир этганини билдирди. Бунга жавобан, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур маълумот ёлғон эканини айтди.

Аввалроқ АҚШ элчихонаси Москвани эҳтимолий террор хуружидан огоҳлантирган, бу фикрга қатор давлатлар қўшилган эди.

– Элчихона экстремистлар Москвадаги йирик тадбирлар, концертлар чоғи ҳужум уюштиришни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни кузатмоқда, – дейилган огоҳлантириш хабарида.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/l38YwW8xXcw" title="Xalqaro dayjest: Moskvada terakt, qurollanish poygasi va bir oilada 36 qurbon" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Сардорбек Поёнов, Нишонбой Абдувоитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.