Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро дайжест: Ғазодан қўлингни ол!, Ереванда намойиш ва Исроилга босим (+видео)
16:43 / 2024-06-02

-

“All eyes on Rafah”

“All eyes on Rafah” пости бир ҳафтага етмай, Инстаграмда 50 миллионга яқин фойдаланувчи томонидан улашилган. Бир жойдан иккинчи жойга кўчирилаётган фаластинликларнинг лагердаги чодири тасвирланган, шу кунларда ижтимоий тармоқда оммалашган суратда “Ҳамманинг нигоҳи Рафоҳда” шиорини кўриш мумкин. Бу пост сунъий интеллект томонидан яратилган. Ушбу марафон 26 май куни Исроил аскарлари Рафоҳдаги қочқинлар лагерига ҳаводан зарба йўллаганидан сўнг тарқалди.

“BBC” хабарига кўра, ушбу шиорни малайзиялик ёш интернет фойдаланувчиси ўз саҳифасига жойлаштиргандан сўнг тезда оммалашиб кетган. Шундан кейин бутун дунё бўйлаб авж олаётган митингларда ҳам “All eyes on Rafah” сўзлари ишлатила бошланган.

Бегуноҳ аҳоли вакиллари чодирда ёниб кетиши дунё бўйлаб урушга қарши намойиш қайтадан авж олишига сабаб бўлди. Жумладан, Лондон марказида 10 мингдан ортиқ одам “Ғазодан қўлингни ол!” сўзлари туширилган баннерлар билан кўчага чиққан. Италияда урушга қаршилар темир йўл бекатини эгаллаб олган. Мексикаликлар эса Исроил элчихонаси олдига тўпланган. АҚШнинг Калифорния штатидаги бир неча университетда ўқитувчи ва тадқиқотчилар иш ташламоқда. Париж марказий кўчаларида ҳам норозилик намойишини кузатиш мумкин.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ғазодаги урушга нисбатан жимлик сақлагани учун Ғарб етакчиларини Исроилнинг “ўзбошимчалиги”га шерикликда айблади.

Словения Ташқи ишлар вазирлиги ушбу мамлакат Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олганини айтган.

Ҳафта бошидаги воқеалардан сўнг Нетаньяху халқаро босимга дуч келди, аммо у урушни ўз мақсадига етмагунча тўхтатмаслигини билдирган.

Ҳафта охирига келиб Исроил ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш таклифини ХАМАСга тақдим этган. Бу ҳақда Президент Жо Байден маълум қилди. Келишув бир неча босқичдан иборат: аввал ўт очишни 6 ҳафтага тўхтатиш, асирларни алмашиш кейинчалик урушни бутунлай тўхтатиш мақсад қилинган.

Зеленскийнинг Европага босими

Ўтаётган ҳафта Зеленскийнинг асосий ташвиши иттифоқчиларидан олган қуролдан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат олиш бўлди. Пайшанба куни Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Прагада айни масала бўйича йиғилди. Ҳозирга қадар сўровга розилик билдирган ўн бешга яқин давлат Украинага бундай ҳуқуқ берилиши вазиятни кескинлаштирса-да, Киев ўзини ҳимоя қилиши учун муҳим, деб билади. Байден АҚШ берган қуролни фақат Харьков ҳудуди яқинида қўллашга рухсат берган.

Россия ва Украина ўзаро асирларни алмашди. Украина 71 ҳарбий ва 4 нафар оддий аҳоли вакилини уйига қайтарган. Россия томони эса 75 нафар ҳарбий хизматчини ортга қайтаришга муваффақ бўлди. Украинада уруш харажати кўпайиши асносида юқори даромадли ва бизнес компанияларига солиқ оширилди. Молия вазирлиги фикрича, ўзгариш 2 миллион кишига таъсир қилиши мумкин. Жанг қилаётганлар учун имтиёз берилади. Қайд этилишича, Россия 2022-2023 йилларда жами 73 миллиард доллар миқдорида бюджет тақчиллигига дуч келган.

Айбдор!

Нью-Йорк ҳакамлар ҳайъати собиқ Президент Дональд Трампни 2016 йилги сайлов кампаниясига таҳдид солган тўловни яшириш учун бизнес юритмасини сохталаштиришда айбдор, деб топди.

Илгари сурилган барча 34 банд бўйича айбдор, дейилаётган Трампга нисбатан расмий ҳукм 11 июль куни эълон қилинади. У 4 йилдан 136 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Трамп ҳакамлар ҳайъати қарорини “шармандалик” деб атади ва ўзини сиёсий маҳбус, деб эълон қилди. У уй қамоғига олинган тақдирда ҳам, бу АҚШ президентлигига номзодини қўйишига тўсқинлик қилмайди. Қолаверса, у қамоққа юборилса ва сайловда ғалаба қозонса, турмадан туриб президентлик ваколатини амалга ошириши мумкин бўлади.

Арманистонда намойиш

Боку ва Ереван ўртасидаги Тавуш вилоятидаги чегарани делимитация қилиш бўйича келишув хабаридан кейин мамлакатда Никол Пашинян истеъфоси талаб қилинаётган намойишлар бошланди.

Ереван Озарбайжон ССР таркибига кирган ва ўтган аср 90-йилларидан бошлаб Арманистон назоратига ўтган 4 қишлоқни Бокуга қайтарган.

Бош вазир Тавушдан бошланадиган чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёни Арманистон учун хавфсизлик кафолати бўлишини маълум қилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n_MHnfpHOqw" title="Xalqaro dayjest: Gʻazodan qoʻlingni ol!, Yerevanda namoyishva Isroilga bosim" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Сардор Поёнов, ЎзА