Ўтаётган ҳафта Эрон атом бомбаси яратишга қодирлиги ҳақидаги хабарлар яна урчиди. Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси фикрича, мамлакат ядровий қурол яратиш учун зарур бўлган уранга эга ва бу миқдор бир неча ҳафтада тўлиқ тикланади. Аввал ҳам халқаро нашрлар ушбу ташкилот маълумотига таяниб, Эрон бир нечта шундай қирғин қуроли ясай олишини қайта-қайта ёзган.
КХДРнинг Марказий телеграф агентлиги ушбу мамлакат ташқи иқтисодий алоқалар вазири раҳбарлигидаги Шимолий Корея делегацияси Эронга келганини эълон қилди. “Voice of America” Шимолий Корея ва Эрон анчадан буён баллистик ракета яратиш дастури бўйича ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаган. Нашр тахминича, бу икки давлат ракета ишлаб чиқариш учун техник жиҳоз ва тажриба алмашаётган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ушбу ҳафта Эрон Ислом Республикаси раҳбари Иброҳим Раисий Покистонга уч кунлик сафарини амалга оширди. Раисий савдо кўламини кенгайтириш ва чегара муаммосини ҳал қилишга бел боғлаган. Таҳлилчиларга кўра, Исломободда Ҳиндистон ва Афғонистон билан чегара муаммоси мавжуд. Шу боис Эрон билан яхши ва барқарор муносабат Покистон учун жуда муҳим.
Европада ҳам қуролланиш авжига чиқди. Айниқса Қўшма Штатларнинг уруш ҳолатидаги Исроил, Украина, Хитойдан ҳимояланаётган Тайвань, шунингдек Ғазо, Судан, Гаитига ажратган 95 миллиард долларлик ёрдамидан сўнг бу яққол сезилди.
Оқ уйдагилар Украинага узоқ масофага учадиган ATACMS ракетаси берилиши Берлинни “Taurus” етказишга ундашидан умидвор. Олаф Шольц эса ҳозирча бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чақириқда Франция ва Буюк Британия томонидан Украинага SCALP ва Storm Shadow ракеталари жўнатилаётгани-да эслатиб ўтилган.
Ҳарбий таҳлилчилар Қўшма Штатларнинг ҳарбий ёрдами Киев учун муҳим ғалаба келтирмаса-да, ўз фронт чизиғини кучайтириб олишга ёрдам беришини айтмоқда. Қолаверса, Киев ATACMS билан Қрим ва Қора денгизни нишонга олмоқчи.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитойга сафар уюштирди. ХХР ташқи ишлар вазири Ван И Қўшма Штатларга Хитой ички ишларига аралашмаслик ва “қизил чизиқ”ларни босиб ўтмасликни уқтирган бўлса, Си Цзиньпин ҳар икки томонни душман эмас, дўст бўлишга чақирди.
Шунингдек, Ван И фикрича, Украинадаги инқироз учун НАТО жавобгар, Альянс урушга ечим топиши керак.
Россия мудофаа вазирлиги РФ НАТО давлатларига ҳеч қачон таҳдид қилмагани ва бунинг кераги ҳам йўқлигини айтиб чиқди. Шойгу сўзларига кўра, Россия ўзининг тарихий ҳудудидаги аҳолисини, шунчаки, ҳимоя қиляпти.
Ғазодан ҳозирча хушхабар йўқ. Кўпчилик АҚШ ёрдамидан сўнг Исроил тажовузкорлиги янада ортиши мумкинлигидан хавотирда. АҚШда талабалар Исроилга қарши намойишга чиқиб, йирик қурол ишлаб чиқарувчи компаниялар билан алоқани узиш, Исроил олийгоҳлари билан ҳар қандай академик келишувни тўхтатиш тарафдори эканини билдирмоқда.
– Университет маъмурияти таҳдидидан қўрқмаймиз, намойиш давом этади, – деб ёзишяпти талабалар ижтимоий тармоқ орқали.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/izeOFJ0S29g" title="Eronning atom qudrati, Xitoyning yumshoq siyosati va Yevropada qurollanish avjida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА.