Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида «TechnovationGirls» халқаро дастурида фаол иштирок этган қизларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда БМТ ҳамкорлигида ёш қизларнинг ахборот технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, улар орасида СТEМ соҳасини тарғиб қилиш, гендер тенглигини мустаҳкамлаш, мазкур йўналишда аёл ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, бу борада уларга сифатли таълим бериш, шунингдек, СТEМда аёллар ва қизлар жамиятини яратиш орқали минтақада янги-янги инновацион ғояларни кашф этиш, имкониятларни кенгайтириш мақсадида «Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий уйғунлиги» қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятида яшовчи қизлар ва уларнинг устозлари (менторлари) учун «TechnovationGirls» халқаро дастури бўйича бир неча ой давомида ҳар ҳафталик бепул онлайн тренинглар ўтказилди.
[gallery-954]
Тадбирда мазкур онлайн дастурда фаол иштирок этган бир гуруҳ андижонлик қизлар махсус сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
- Мамлакатимиз ёшлари учун янги соҳа ҳисобланган СТЕМ соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказилган онлайн тренингларда андижонлик қизлар ҳам фаол иштирок этди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти талабаси Меҳрибону Аҳмаджонова. – Тренинг машғулотларида малакали мутахассислар кўмагида СТЕМ соҳасидаги билим ва малакаларимизни бойитдик. Олган билимларимиз бизнинг келгусидаги фаолиятимизда шубҳасиз, ёрдам беради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурати), ЎзА