Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро биеннале: “Синган қалблар учун малҳам”
16:50 / 2025-09-13

Бухорода жорий йилнинг 5 сентябридан 20 ноябригача бўлиб ўтаётган халқаро биеннале “Recipes for Broken Hearts” – “Синган қалблар учун малҳам” деб номланган. У замонавий санъат, ҳунармандчилик ва гастрономияни уйғунлаштирган кўп қиррали йирик маданий ташаббус сифатида тарихга кирмоқда. Ўзига хос “маданий олимпиада”га айланган биеннале тадбирлари Бухоронинг эски шаҳар қисмидаги 14 та тарихий объектда ўтмоқда. Улар орасида йиллар давомида ёпиқ бўлган Хожа Гавкушон мажмуаси, Рашид мадрасаси, Аёзжон, Улуғбек тамакифуруш, Аҳмаджон ва Фатхуллоҳжон карвонсаройлари ҳам бор. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан тикланган бу обидалар энди замонавий санъат асарлари ва инсталляцияларга қучоқ очаётир.

Тадбирлар ичида жадидчилик ҳаракатига бағишланган шуъба иши алоҳида аҳамият касб этади. Бухоронинг маърифатпарвар арбоби Усмонхўжа Пўлатхўжаев яшаган ҳовлида ўтган анжуманда дунёнинг турли нуқталаридан жадидшунослар, олимлар ва журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, жадидчилик туркий халқларни уйғотган маърифат шамчироғи эди. Миллатни илм билан қувватлантириш, ҳақни ноҳақдан ажрата оладиган, ўзлигини англайдиган, келажакка ишонч билан қадам қўядиган авлодни тарбиялаш мақсад қилинганди.

Жадидчилик ҳаракатини тадқиқ қилишда юздан зиёд илмий мақолалари билан танилган Темур Хўжа ўғлининг хизматлари беқиёс. Унинг асарлари Туркиядан тортиб АҚШ ва Японияда чоп этилган. Шу боис, олимнинг мероси нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий дунё учун муҳим аҳамиятга эга. У анжуманнинг диққат марказидаги асосий меҳмонларидан бири бўлди.

[gallery-25294]

Темур Хўжа ўғли Бухорога келганида ота уйининг меҳмонхонага айланганини кўриб, ўтмиш ва келажак ҳақида ўйга чўмган, ўшанда бу уй музейга айланишини орзу қилган. Орадан фурсатлар ўтиб, ҳукумат уйни тасарруфига олди ва бу ерда музей ташкил этишга киришди. Олим эса уни отаси номида эмас, балки бутун жадидчилик ҳаракати музейи сифатида очишни таклиф этди. Бу ғоя давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди. Айни пайтда ливанлик меъмор Lina Gotme лойиҳаси асосида Ғозиён кўчасида жойлашган Усмонхўжа Пўлатхўжаев уйида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Бу ерда “Жадидлар мероси музейи” ташкил этилади ва 2027 йилда унинг очилиши режалаштирилган. Анжуман доирасида ушбу лойиҳанинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

–Туркистон жадидчилик ҳаракатининг йирик марказларидан бири бўлганига тарихнинг ўзи гувоҳ. Бироқ мустабид тузум йилларида халқ онгига унга нисбатан салбий қарашлар сингдирилди. Яхшиямки, истиқлол туфайли миллий ўзликка қайтилаяпти, тарихий ҳақиқатлар тикланаяпти. Энг муҳими, давлат сиёсати даражасида жадидчиликка адолатли баҳо берилмоқда, –дейди Темур Хўжа ўғли.

Биеннале ўн ҳафта давом этади. Тадбирлар доирасида бетакрор павильонлар, кўргазмалар, таомлар фестивали, шеърхонлик, мусиқа ва перформанслар ўтказилиши кўзда тутилган. Хуллас, маданият ва санъат уйғун ушбу нуфузли форум юртимизни дунё маданий майдони билан янада яқинроқ юзлаштиришга хизмат қилади.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари