Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро бахшичилик санъати фестивали ғолиблари тақдирланди
19:29 / 2023-05-08

Гулистон шаҳрида III Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтди.

Фестивални юқори савияда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. Саховатли Сирдарё замини миллий руҳда байрамона безатилди. Хиёбонлар, кўча ва майдонларга қадимдан шаклланиб, асрлар давомида сайқал топган миллий қадрият ва урф-одатларимиз, бахшиларимиз сиймолари акс этган паннолар ўрнатилди. Дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатларидан келган меҳмонлар юзидаги қувонч ва самимий муносабат Сирдарёда миллий ўзлигимизни кенг намоён этадиган, дунё халқларини қадим қадриятларни улуғлашга чорлайдиган, ягона мақсад, ягона маслак сари бирлаштирадиган улуғ байрам нишонланганидан далолат берди.  

Гулистон шаҳри марказидаги "Билимдонлар маскани", вилоят мусиқали драма театри ва Амфитеатр майдони атрофида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг ўтмишдаги турмуш тарзи ҳамда бугунги обод ва фаровон ҳаёти ўз ифодасини топган этнографик шаҳарчалар барпо этилди. Шаҳарчалардаги мўъжаз саҳналарда театрлаштирилган томошалар, фольклор-этнографик жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди. Хорижлик сайёҳлар, ҳунармандлар кўргазма-ярмаркаларида қадимий сўзана ва либослар, гиламлар, миллий чолғулар, сопол буюмларнинг намуналари билан танишиш, юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган меҳмон уйларида оилавий маросимларни кўриш имконига эга бўлиб, улкан таассуротларга эга бўлди.  

Президентимизнинг йирик санъат анжуманини Гулистон шаҳрида ўтказиш борасидаги ташаббусидан кейин вилоят марказида қисқа фурсатда улкан ишлар амалга оширилди. Икки йилда бир марта бўлиб ўтадиган фестивалнинг асосий тадбирлари ўтадиган Тўра Сулаймон номидаги амфитеатр ҳудудида замонавий саҳна барпо этилди. Маҳобатли амфитеатр теграсида иштирокчи давлатларнинг байроқлари ҳилпираб турди. Саҳна ортида ўзига хос декорацияда қад кўтарган қалъа деворлари, Кўҳитанг тоғлари кишини хаёлан Алпомиш замонига етаклайди гўё. 2023 йил 8 май. Соат 20:00. III Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўз поёнига етмоқда. Бир оздан сўнг кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорларни тантанали тақдирлаш маросими ҳамда гала-концерт намойиш этилади.  

Халқаро фестивал ғолибларини мукофотлаш мақсадида бу гал ҳам АҚШ долларида пул мукофотлари белгиланган. Гран при соҳибига  – 7000 АҚШ доллари, 1-ўрин учун 2500 АҚШ доллари, 2-ўрин учун 1750 АҚШ доллари, 3- ўрин учун 1200 АҚШ доллари ажратилган.  

[gallery-11802]

3-ўринга Дилмурод Гулмуродов (Ўзбекистон),Серик Жақсиқулов (Қозоғистон), Эрдане Ват Есун (Мўғилистон), Шин Жа Сун(Корея),  

2-ўринга Расулбек Абдураҳмонов (Ўзбекистон), Нугзар Навтарадзе (Грузия), Сарвар Сабри Камал (Ҳиндистон), Ярослав Дмитров Христов (Болгария),  

1-ўринга Қорёғди Сариев (Туркманистон), Саламат Аяпов (Ўзбекистон), Сандон Арес (Россия), Рисбай Исаков (Қирғизистон),  

Гран При мукофотига ўзбекистонлик Илҳом Норов сазовор бўлди.  

Бундан ташқари, номинациялар бўйича ҳам иштирокчилар тақдирланди.  

Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Ҳакамлар ҳайъати раиси Мун Сюнг Хук, Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ва бошқа расмийлар топширди.  

“Санъат мухлислари қалбидан чуқур жой эгаллаган мазкур нуфузли анжуманнинг бу йил Сирдарё вилоятида бўлиб ўтаётгани ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки кўҳна Мирзачўл заминида ташкил топган Сирдарё вилояти бу йил қутлуғ 60 йиллик тўйини нишонламоқда. Сирдарё аҳли бу йил кўплаб маданият, санъат ва маънавият байрамларини гувоҳи бўлмоқда. Вилоятда бўлиб ўтган ушбу фестивал ҳам Сирдарёнинг 60 йиллик тўйини бир қисми,  десак муболаға  бўлмайди. Зеро, халқимиз айтганидек, озод ва обод юртга тўйлар, байрамлар ярашади.  

 

Шуҳрат Суяров,  

Шаҳриёр Ортиқбоев,(суратлар)