Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро бахшичилик санъати фестивали – эзгу мақсадлар йўлидаги муҳим ташаббус
16:07 / 2023-05-09

Туркий халқлар Олтойдан Болқонгача бўлган бепоён ҳудудларда яшаб, салтанатлар қурганлар ҳамда инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганлар. Халқларимиз ватан тутган жойларнинг иқтисодий ривожи, ободлигини таъминлаш билан бирга, маданий равнақига ҳам катта аҳамият берганликлари боис давлатларимиз асрлар давомида илм-фан, маданият, санъат ва адабиётнинг асосий марказларидан бўлиб келган.

Буюк даҳолар етишиб чиққан Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси билан нафақат туркий дунё, балки жаҳондаги муҳим давлатлардан бири саналади. Хусусан, ранг-баранг маданияти, бетакрор санъати, адабиёти, ўзига хос меъморчилик анъаналари ва бошқа қадриятлари билан Ўзбекистон ҳар қандай эътирофга лойиқ.  

Туркий халқлар оғзаки адабиётининг асосий йўналишларидан бўлган, достончилик анъаналарини давом эттирган, халқларимиз томонидан “Оқин”, “Ошиқ”, “Бахши”, “Ўзан” деб номланган сўз ва соз санъаткорлари отамерос қадриятларимизни бизгача етказиб келганликлари туфайли ҳам катта ҳурматга лойиқдирлар. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ташаббуси билан Ўзбекистонда Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ташкил этилгани ушбу ноёб санъатни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш йўлидаги тарихий қадамдир.  

Мен бу фестиваль ҳақида кўп эшитганман, унинг аҳамиятини ҳам яхши биламан. Лекин аввалгиларида иштирок этмаганим учун доимо қизиқиш уйғотарди. Бу йил Сирдарёда ташкил қилинган нафосат ва санъат байрамида бевосита қатнашиш имконияти туғилди. Бундан жудаям мамнунман.  

Сирдарёдаги муҳит шунчалик ажойиб эдики, очиғи, мен кутганимдан ҳам аъло даражада. Фестиваль доирасида ҳар бир вилоят учун алоҳида майдонлар ажратилиб, театрлаштирилган томошалар, куй-қўшиқлар тақдим этилгани, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар намойиши йўлга қўйилгани барчамизда катта таассурот уйғотди. Бу жараёнларни кўрган киши ўзбек халқининг меҳмондўстлик анъаналари, қадриятлари, санъати ҳақида кенг тасаввурга эга бўлади.  

Ижод байрамига ташриф буюрган одамларнинг кайфияти чоғлиги шундоққина уларнинг юз-кўзида акс этиб турди. Разм солдим, аксарият оилалар фарзандлари, невараларини биргаликда олиб келишган. Мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан тарбияланувчилар, ўқувчилар, олий таълим даргоҳларидан ёшлар ҳар бир жараённи ўз кўзлари билан кўришмоқда. Бу жуда ҳам муҳим. Шу орқали навқирон авлодда миллий руҳ мустаҳкамланади, уларнинг бахшичилик ҳақидаги дунёқараши янада кенгаяди. Қадриятлар бардавомлиги таъминланади.  

Фестивалнинг тантанали очилиши маросимида Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг иштирокчиларга йўллаган табригини катта қизиқиш билан тингладим. Унда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари орасида ҳар қайси миллатнинг фольклор санъати беқиёс ўрин тутиши алоҳида эътироф этилиб, халқ оғзаки ижодиётининг сарчашмаси бўлган бахшичилик санъати инсонни инсон сифатида намоён этадиган энг эзгу туйғу ва қадриятларни тараннум этиши билан алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.  

Бу фикрга қўшиламан. Бахшичилик ўзбек халқининг қалб қўрида яшаб келаётган дурдона санъат жанрларидан биридир. Бундай санъат асарлари шу миллатнинг маданиятини суғорган улкан маданий булоқдир.  

Табрикда айтиб ўтилганидек, Ўзбекистонда Республика бахшичилик санъати маркази ҳамда Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси, ҳудудларда мазкур йўналишдаги ансамбллар самарали фаолият олиб бораётгани, истеъдодли фольклор усталаридан ёзиб олинган достон ва термаларнинг “олтин фонди” шакллантирилаётгани, халқ ижодиёти ёдгорликлари китоб ва тўпламлар ҳолида мунтазам нашр қилинаётгани, илмий экспедициялар ва анжуманлар ташкил этилаётгани, таниқли бахши, жиров ва оқинларнинг хотираси абадийлаштирилиб, улар ҳақида илмий-оммабоп асарлар, ҳужжатли фильмлар яратилаётгани, таълим масканларида бахшичилик синфлари ва тўгараклари фаолият юритаётгани жуда ибратлидир.  

Очилиш маросимига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури эса бебаҳо бир санъат асари бўлибди, дейиш мумкин. Созандалар, хонандалар, раққосалар, театр усталари, либослар, декорациялар, умуман, барча-барчаси, ижодкорларнинг чиқишлари орқали биз ноёб санъатдан баҳраманд бўлиб, унутилмас таассурот олдик.      

Бугунги кунда Ўзбекистонда миллий уйғониш ва тикланиш жараёни давом этмоқда. Мамлакатнинг ўз маданий мероси ва қадимий анъаналарига катта аҳамият бериши, қадриятларини қадрлаши ғоят қувонарли. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ўзининг бой маданий меросини, рангин санъат асарларини асрлар қаъридан бус-бутун олиб ўтиб, бугунги авлодларга етказа олди.  

Бугун юртингизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга сиёсат даражасида эътибор қаратилаётгани, шубҳасиз, буюк Ренессансга йўл очмоқда. Ҳозирда мамлакатдаги миллий уйғониш барча соҳалардаги ривожланишда ўз аксини топаётир. Бу борада кўплаб муҳим маданий тадбирлар, муваффақиятли лойиҳалар бўй кўрсатмоқда.  

“Янги Ўзбекистон” шиори давлат сиёсатининг стратегиясига айлангани барча жабҳалардаги янгиланишлардан дарак бермоқда. Нафақат иқтисодий, балки маънавий, маданий ва санъат соҳаларидаги ютуқлар бунинг яққол далили бўлмоқда. Айниқса, маънавий қадриятларга қаратилаётган эътибор қардошларимизнинг ёрқин истиқбол сари нақадар оқилона илгарилаётганини кўрсатади.  

Ўзбекистонда миллий қадриятлар ва қадимий маданий меросга берилган эътибор ва ғамхўрлик ҳунармандчилик, миниатюра каби санъат турларининг қайта жонланишида ҳам кўзга ташланмоқда. Айниқса, “Мақом” санъати қардош ўзбек халқининг энг қимматли хазиналаридандир.  

Умуман олганда, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ва турк дунёсининг юксак маънавий қадриятларга эга марказларидан бири саналади. Жаҳонга машҳур алломалар, ёзувчи, шоир, адиб, хонандалар етиштирган. Ҳунармандчилик, меъморчилик, санъатнинг бошқа соҳаларида ҳам дунёда ўз ўрнига эга бу мамлакат мени ҳамиша ўзига мафтун этган.  

Меъморчилик санъатининг рангоранг ва бемисл намуналарини ўз бағрида сақлаб келаётган қадимий шаҳарларингизнинг довруғи қадимдан туркий дунёнинг чегараларидан чиқиб, жаҳоннинг барча чеккаларига етиб борган. Бундай нодир асарлар ўзбек халқининг нақадар етук билими, нозик санъат тушунчаси, ниҳоясиз хаёлот дунёсини кўз ўнгимизда гавдалантиради.  

Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари томонидан илгари сурилаётган эзгу ташаббуслар муштарак маданиятимизни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан юксак аҳамиятга эга. Бундан ташқари, ўзбек миллий ошхонаси, мусиқаси, либослари, рассомчилик санъати соҳасидаги маданий тадбирлар умумий маданиятимизни қайта тиклаш баробарида, унинг тараққиётига ҳам хизмат қилади.  

Ташкилотимизнинг асосчиларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙга тўлақонли аъзо сифатида қайтиши, фаол иштироки бизни бениҳоя хурсанд қилди. Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан асосий мақсадимиз ўзбек маданияти ва санъати тараққиётига ҳисса қўшиш, бу бой маданиятнинг тарғиботи ва муҳофазасига қаратилган ишларни халқаро майдонга олиб боришдир.  

Мамлакатингиз билан ҳамкорликни йил сайин кенгайтириш, турли йўналишлардаги умумий лойиҳаларнинг сонини ва самарадорлигини ошириш доирасида халқларимизнинг маданиятини биргаликда дунёга танитиш каби шарафли ишларни бажараётганимиздан ғурурланамиз.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинми, ўзбек маданияти нафақат турк дунёси, балки умуминсоний тамаддуннинг нодир дурдоналаридан биридир. Фурсатдан фойдаланиб, маданият ва санъат соҳаларини, шу жумладан, бахшичиликни янада ривожлантириш борасида салмоқли ишларни амалга ошираётган ўзбек халқига доимо муваффақият ёр бўлишини тилайман. Ниятимиз, ҳар бир хонадондан дўмбира ва чанқовуз садолари мунтазам янграб турсин.  

 

Султан РАЕВ,  

ТУРКСОЙ Бош котиби