Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йилига бағишланган маросимларидан бири Ўзбекистонда ўтказилади
11:39 / 2026-03-05

Германия пойтахтидаги “ITB Berlin – 2026” халқаро туризм кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ва “БМТ Туризм” (Бутунжаҳон туризм ташкилоти) бош котиби Шайха Нассер ал Новаис ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида барқарор туризмни ривожлантириш, БМТ агентликлари билан самарали ҳамкорлик қилиш, соҳа мутахассислари салоҳиятини ошириш ҳамда миллий туризм стратегияларини амалга оширишда институционал шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Бош котиб давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили”ни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида жорий йил 2 февраль куни тузилма томонидан махсус “Йўл харитаси” эълон қилинганини таъкидлади.  

Шайха Нассер ал Новаис суҳбатда йил давомида режалаштирилган тадбирларни ташкил этишда Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.  

– Барқарор ва яшовчан туризмни ривожлантириш ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади, – деди бош котиб.

Шунингдек, томонлар жорий йил якунида “2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили”га бағишланган очилиш маросимларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан тегишли ташкилий ишлар амалга оширилиши бўйича келишувга эришди.

Учрашув якунида Туризм қўмитаси раиси Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котибини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди. Туризм соҳаси рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ташаббусларни илгари суриш ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилди.

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА